Naked Science нашри The War Zone’га таяниб ёзишича, Steelfin ракеталари ягона архитектура ва умумий ишлаб чиқариш жараёни асосида яратилмоқда. Бу ҳар бир вазифа учун бутунлай янги ракета ишлаб чиқиш ўрнига, мавжуд конструкцияни мослаштириш имконини бериши кутилмоқда.
Тақдимот АҚШ қуролли кучлари арзон дронлардан тортиб қанотли, баллистик ва гипертовушли ракеталаргача бўлган ҳаво таҳдидларига қарши мудофаа воситалари захирасини кўпайтиришга интилаётган бир пайтда ўтказилди.
Steelfin оиласи ягона икки босқичли схемага асосланган. Биринчи босқич ракетани тезлаштирувчи блокдан, иккинчиси эса нишонни бевосита йўқ қилишга мўлжалланган тутувчи қисмдан иборат.
Турли вариантларда корпуснинг асосий конструкциялари, борт электроникаси, дастурий таъминот, парвозни бошқариш тизими ва уланиш интерфейсларидан умумий фойдаланиш режалаштирилган. Тезлаштирувчи блоклар ва иккинчи босқич қисмларини алмаштириш орқали ракета муайян вазифага мослаштирилади.
Anduril маълумотига кўра, оила таркибида нишонни бевосита урилиш орқали йўқ қиладиган тутувчилар ҳам, парчаланувчи-фугас жанговар қисмга эга вариантлар ҳам бўлади.
Компания Steelfin орқали алоҳида объектларни ҳимоя қилишдан тортиб, пастки эшелондаги ҳаво ва ракета мудофааси ҳамда юқори эшелонда баллистик ракеталарни тутиб қолишгача бўлган вазифаларни қамраб олишни кўзламоқда. Мўлжалланган нишонлар қаторида қанотли ва гипертовушли ракеталар ҳам келтирилган.
Бироқ қайси модификация айнан қайси таҳдидга қарши ишлатилиши ҳозирча аниқлаштирилмаган. Тутиб қолиш масофаси, қўллаш баландлиги ва эълон қилинган имкониятларни баҳолашга ёрдам берадиган бошқа кўрсаткичлар ҳам берилмаган.
Anduril Steelfin устида бир неча йилдан бери, бир нечта буюртмачининг молиявий иштироки билан ишлаётганини билдирган. Компания дастурга хос макетлар ва тақлидий аппаратлар ёрдамида баллистик синовлар ўтказган.
Steelfin’нинг турли вариантлари бўйича парвоз синовлари 2027 йилга режалаштирилган.















