07:42 / 10.10.2023
12719

БМТнинг 13 минг ходими Ғазо секторида қолиб кетгани маълум бўлди

Исроил блокада ҳақида эълон қилганидан кейин Ғазо секторида БМТнинг 13 мингга яқин ходими қолмоқда. Бу ерда 137 мингга яқин одам БМТ бошпаналарида жон сақламоқда. Исроил армияси Ғазо секторига зарба беришда давом этмоқда.

Фото: Mohammed ABED/AFP

Исроил блокада ҳақида эълон қилганидан кейин Ғазо секторида БМТнинг 13 мингга яқин ходими қолмоқда. Бу ҳақда 9 октябр, душанба куни БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик маълум қилди.

Гап Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) ходимлари ҳақида бормоқда. Уларнинг аксарияти фаластинликлар, 300 га яқини бошқа давлат фуқаролари, деди Дюжаррик. «Улар маҳаллий аҳолига ёрдам бериш учун ўз ваколати доирасида қўлидан келган барча ишни қилмоқда», — деди у. 

Шу куни UNRWA Ғазо секторидаги 137 мингдан ортиқ киши БМТнинг фавқулодда бошпаналарига ҳимоя излаш учун келганини, улар 90 фоизга тўлиб бўлганини эълон қилди. Агентлик Фаластин эксклавидаги ҳуманитар вазият ёмонлашишда давом этишидан хавотирда. 

UNRWA аввалроқ ҲАМАС билан алоқадорликда ва Исроилга қарши очиқ фаолиятда айбланган. Хусусан, 2014 йилда Фаластин ташкилотлари UNRWA мактабларида яширинча ракета захиралари тўплагани, БМТ агентлиги томонидан чоп этилган мактаб дарсликларида Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқи тан олинмагани маълум бўлди. 2021 йил апрел ойида Европа парламенти UNRWA дарсликларида нафрат ва зўравонлик ғоялари тарқатилиши тан олинган резолюцияни қабул қилди. 

Ғазо секторидаги блокада ва зарбалар 

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант душанба куни ҲАМАС ҳаракати жангчилари Исроилга ҳужум қилган Ғазо секторини тўлиқ блокадага олишга буйруқ берди. Блокадага сув таъминоти, шунингдек, ёнилғи ва электр таъминотини тўхтатиш киради. 

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш блокададан хавотир билдирди. У Исроил расмийлари ўз мамлакатлари хавфсизлигидан қонуний хавотирда эканини тан олди, бироқ уларни халқаро ҳуманитар қонунларга мувофиқ ҳаракат қилишга чақирди. «Ғазо секторидаги ҳуманитар вазият жанговар ҳаракатлар бошланишидан олдин ҳам ниҳоятда оғир эди, - деди Гутерреш. - Энди у экспонент равишда ёмонлашади».

Айни вақтда, Исроил армияси аллақачон Ғазо секторига денгиз ва ҳаводан юзлаб зарбалар берган. 9 октябр куни кечки пайт ЦАХАЛ матбуот хизмати ҲАМАСга тегишли қатор объектлар, жумладан, қурол омбори, масжиддаги жангчилар қўмондонлик маркази ва Исроилга киришда фойдаланилган туннелга кириш жойи нишонга олингани ҳақида хабар берди. «ҲАМАС ўзининг ҳарбий инфратузилмасини Ғазо секторидаги тинч аҳоли пунктлари ва муқаддас жойларга атайлаб яқин жойлаштиряпти», — дейилади Исроил армияси баёнотида. 

ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми

7 октябр куни Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши «ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди ва йирик ракета ҳужумини уюштирди. Жангчилар мамлакатнинг чегара ҳудудларига кириб, юздан ортиқ одамни гаровга олди. Исроил армияси Ғазодаги нишонларга ҳаво ҳужумлари билан жавоб қайтарди. Исроилда 900 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, Фаластин ҳукумати 400 дан ортиқ қурбонлар ҳақида маълум қилди, ҳар икки томондан ярадорлар сони 5 мингдан ошди. ЦАХАЛ ҲАМАС ҳужумига жавобан эълон қилинган «Темир қиличлар» операцияси учун аллақачон 300 минг захирадаги ҳарбийни сафарбар қилган. 

Бундан ташқари, 8 октябр куни Исроилнинг шимолий ҳудудлари Ливан ҳудудидан «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати томонидан ўққа тутилди. Исроил армияси бунга артиллерия зарбалари билан жавоб берди. Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Ливан билан чегара яқинида жойлашган аҳоли пунктлари аҳолисини эвакуация қилишга тайёргарлик кўришни буюрди. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши 8 октябр куни бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишда ҲАМАСнинг Исроилга қарши ҳаракатларини бир овоздан қоралай олмади. 

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top