Ғазо секторини назорат қилувчи ҲАМАС ҳаракати аъзолари 7 октябр куни Исроил бўйлаб минглаб ракеталар учирди, шунингдек, қуролланган бўлинмалар мамлакат ҳудудига бостириб кирди (жумладан, пикапларда, мотоциклларда ва паралетларда). Исроил расмийлари мамлакат урушга кирганини маълум қилди ва Ғазо бўйлаб ракета зарбалар билан жавоб йўллади. Улар катта эҳтимол билан Ғазода қуруқлик амалиёти ўтказишни режалаштирмоқда: сектор чегараларига зирҳли техникалар олиб келинган, чегарадаги шаҳарлар аҳолиси эвакуация қилинмоқда. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «урушда ютиб чиқиш»ни ваъда қилган — аммо унинг бошланиш фактининг ўзи Исроил разведкаси ва сиёсий раҳбариятига саволлар туғдирмоқда, деб ёзади маҳаллий ва ғарбдаги нашрлар, ҲАМАСнинг ҳозирги ҳужумини роппа-роса 50 йил муқаддам бўлиб ўтган Маҳшар куни уруши билан таққослаган ҳолда.

Исроилдагилар ҲАМАСнинг кутилмаган ҳужуми ҳақида нималар дейишмоқда?

Надав Эял, Ynet (Yedioth Ahronoth) шарҳловчиси

Афсуски, кеча биз ўзимиз ҳақида кўпроқ нарсани билиб олдик. Биз англадикки, юзлаб миллиард шекел сарфланган разведка корпусимиз давлатга энг муҳим паллада ҳал қилувчи огоҳлантиришни бера олмади — стратегик зарба ҳақида огоҳлантирмади. Октябр сюрпризидан 50 йил ўтиб разведкамиз яна муваффақиятсизликка учради.

Аншел Пфеффер, Haaretz шарҳловчиси

ҲАМАСнинг юзлаб жангарилари Ғазо секторидан Исроилга кириб келгани ҳақидаги дастлабки янгиликлардан атиги бир неча дақиқа ўтиб, «Йом-кипур» (1973 йил октябридаги Маҳшар уруши - таҳр) ижтимоий тармоқларда трендга чиқди. <…> Ўхшашлик яққол ва ҳайратланарли. Яна бутун Исроил бўйлаб сиреналар янгради. Яна — яқинлашиб келаётган ҳужум белгиларини аниқлашда ҳам, йиғилган маълумотларни талқин қилишда ҳам разведканинг йирик хатоси. <…> Аммо, октябр урушлари ўртасидаги битта асосий фарқ бор. Кеча бошланган уруш экзистенциал эмас. ҲАМАС ҳарбий рақиб сифатида Исроил билан тенглаша олмайди. Улар ҳатто бир лигада эмас.

Исроилга ҳужум ҳақида Ғарбда нималар ёзишмоқда?

Чак Фрейлих, Исроил миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисининг собиқ ўринбосари

Бу оператив разведка нуқтайи назаридан муваффақиятсизлик. Шубҳасиз, бизни ғафлатда қолдиришди. Ғазо сектори учун масъул бўлган дивизия штаби эгаллаб олинган, у ерда тартибсизлик ҳукмрон бўлган, шунинг учун жавоб кечикди. <…> [Бундай вазиятларда] ҳамиша барча қисқа муддатга бир байроқ атрофида бирлашади. Аммо барчаси босилиши билан жиддий сиёсий оқибатлар юзага келади.