2023 йил 9 октябр куни халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг вилоят маҳаллий бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан маблағларни йўналтириш кўзда тутилган қарори қабул қилинди. Қарор билан 23 млрд сўмдан ортиқ маблағ турли мақсадлар учун йўналтирилган.

Қарор иловасида келтирилишича, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан “Энг ташаббускор сектор” номинациясида ғолиб бўлган Қарши шаҳар 1-сектор раҳбари, яъни шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоевни рағбатлантириш учун 56,2 млн сўм маблағ ажратилган. Бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги 536-сонли қарори асос қилиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев 2023 йил 25 август куни ўзини рағбатлантириш учун маблағ ажратиш ҳақида қарор чиқарганди. Қарорда ҳокимликнинг 2023 йилдаги захира маблағлари ҳисобидан “Энг ташаббускор сектор” дея эътироф этилган Қарши шаҳар 1-сектор раҳбарини рағбатлантириш “харажатларига” 75 млн сўм маблағ ажратиш белгиланган.

Бироқ рағбатлантириш тўғрисидаги қарор Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тақдимномага асосан Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2023 йил 19 сентябр кунги қарори билан бекор қилинган эди. Шунингдек, мазкур ҳолатда қонунбузилишига йўл қўйган шахсларга тегишли қонуний чора кўриш учун агентлик томонидан тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборилгани айтилганди.