Ўзбекистон яна бешликда, Осиё гегемонлари ўз ўрнида

Ўзбекистон делегацияси Ҳангжоу-2022 турнирида жами 71 та – 22 та олтин, 18 та кумуш, 31 та бронза медалига эга чиқиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади. Шу орқали 5 йил аввалги турнирдаги энг яхши натижа такрорланди.

Мезбон Хитой кутилганидек юксак натижа қайд этиб, 201 та олтин, 111 та кумуш ва 71 та бронза – жами 383 та медал билан мутлақ тенгсиз эканини кўрсатди. Чин юрти вакиллари 1978 йилги Осиё ўйинларидан кейин пешқадамликни Япониядан тортиб олгач, қитъада гегемонлигини давом эттирмоқда.

Медаллар жамғармасида ўтган сафарги учлик ҳам ўзгармади – Япония кетма-кет иккинчи марта 2-ўринни эгаллаган бўлса, Жанубий Корея мухлислари қаршисида ўтган 2014 йилдан кейин 3-ўриндан юқорига кўтарила олмаяпти. 

Энг катта ўсиш Ҳиндистонда

Ҳангжоу-2022 турнирида энг катта ўсишни амалга оширган мамлакат – Ҳиндистон бўлди. Ҳиндлар Ўзбекистонни ортда қолдириб, Осиё ўйинлари тарихида сўнгги 60 йил ичидаги энг яхши натижаси қайд этишди – 4-ўрин. Жами медаллар сони – 107 та, олтин медаллар сони – 28 тани ташкил этиб, бу мамлакат ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди.

Таққослаш учун, Ҳиндистон Жакарта-2018 турнирида 70 та медал (16 та олтин) билан умумжамоа ҳисобида 8-ўринни эгаллаган бўлса, Инчеон-2014 баҳсларида жами 57 та медал (11 олтин) билан ҳам 8-поғонада бўлган.

Ҳиндистон Ўзбекистонни нима эвазига ортда қолдирди?

2018 йилги Осиё ўйинларида Ўзбекистон мезбон Индонезиядан кейинги 5-ўринни эгаллаган ва бу йил натижа яхшиланиши кутилганди. Аммо Ҳиндистон спортидаги катта ўсиш сабабли Ўзбекистон Осиё гегемонлари – Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейинги ўринни эмас, бешликдан жой олди.

Хўш, ҳиндларнинг медаллар сони бўйича ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этиши қайси спорт турларидаги муваффақият эвазига таъминланди?

Бу биринчи навбатда иштирокчи спортчилар сони ошиши билан ҳам боғлиқ – 2018 йилги турнирда 570 нафар ҳиндистонлик спортчи қатнашган бўлса, Ҳангжоуда уларнинг сони қарийб 100 нафарга ошди – 661 нафар.