Иқтисодиёт | 08:50 / 11.10.2023
30931
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръати бўйича Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан олдинда 

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистондаги инфляция прогнозини яхшилади.

Фото: REUTERS / Yuri Gripas

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш истиқболларига бағишланган навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилда 5,5 фоизга ўсади, бу апрел ойида кутилганидан 0,2 фоизга юқори. 2024 йил учун ЯИМ ўсиши прогнози ўзгаришсиз 5,5 фоиз даражасида қолдирилди.

Иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан олдинда, фақат Тожикистондан бироз паст.

Умуман, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаси учун йил охирида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши атиги 2 фоизни ташкил этади – бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баравар паст. 2024 йилда у бироз тезлашиши кутилмоқда - 3,4 фоизгача.

ХВЖ Ўзбекистондаги инфляция прогнозини ҳам яхшилаган. Шу тариқа, илгари кутилган 11,8 фоиз ўрнига жорий йилда инфляция 10,2 фоизни ташкил этади, келгуси йилда эса 10 фоизгача секинлашади.

Шу билан бирга, валюта жамғармаси Марказий банкнинг 2028 йилгача 5 фоизлик инфляция кўрсаткичига эришиш мақсади мушкул вазифа эканини прогноз қиляпти.

Бундан ташқари, келгуси икки йил ичида жорий тўлов баланси тақчиллиги мос равишда 4,3 ва 4,6 фоизгача ошади. Ушбу кўрсаткич бўйича кутилмаларнинг ёмонлашиши республикага трансчегаравий тўловлар ҳажми камайиши ва ташқи савдо тақчиллигининг кенгайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид