Ўзбекистон сайлов тизими ўзгариши мумкин. Унга кўра, Қонунчилик палатаси депутатлиги учун сайловларни аралаш (мажоритар ва пропорционал) тизим асосида ўтказиш таклиф этилмоқда.

Kun.uz мухбири 10 октябр куни Олий Мажлис қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғинида муҳокама қилинган ушбу масала юзасидан таҳлилий суҳбат ташкил қилди. Суҳбат меҳмонлари сиёсий таҳлилчилар – Фарҳод Толипов, Камолиддин Раббимов ва Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев бўлди.

— Дониёр ака, юқорида айтганим Қонунчилик палатасининг 10 октябр кунги йиғилишида сиз ҳам қатнашдингиз. Келинг, биринчи навбатда ўша йиғилишда кўрилган масала – сайлов ва референдум ўтказишда кутилаётган асосий ўзгаришлар нимадан иборат бўлаётгани ҳақида жуда қисқача қилиб маълумот берсангиз? Шарҳ, изоҳ шарт эмас, фақат ўзгаришлар ҳақида.

Дониёр Ғаниев:

— Шу кунларда Ўзбекистонда сайлов тизими ислоҳотига бағишланган катта лойиҳа муҳокамаси бошланди. Ўтган кунги ялпи йиғилишда биринчи ўқилиш муҳокама қилинди ва депутатлар томонидан тасдиқланиб, 10 октябрдан 24 октябргача кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Бу лойиҳа конституциявий қонун лойиҳаси бўлиб, бир нечта қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти. Жумладан, “Сайлов тўғрисида”ги, “Референдум тўғрисида”ги, “Олий Мажлис қонунчилик палатаси тўғрисида”ги, “Сенат тўғрисида”ги ва бошқа қонунларга. Буларнинг ичида Марказий сайлов комиссиясининг ишлаш механизми, сайлов комиссиялари тузилиши ва уларнинг ваколатларига ўзгартиришлар киритиляпти. Энг асосий ўзгариш Қонунчилик палатасига бўладиган сайлов тизимини ўзгартириш борасида бўлади. Жумладан, амалда Қонунчилик палатасига 150 та депутат ҳар бир округдан мажоритар йўл билан сайланади. Энди 75 округ бўляпти. Ва барча 75 та округ битта бўлиб партияларга овоз бериш амалиёти ҳам жорий қилиняпти. Бунда сайловчи шахсга эмас, партияга овоз беради.

Амалдаги тартибда мутлақ энг кўп овоз олган депутат сайланар эди. Жуда кўп муаммолар бўларди бунда. Қайта сайлов бўлмаслиги, оворагарчиликдан қочиб, сайлов қоидаларини бузиб кўпроқ овоз олган номзодга овоз қўшиш ҳолатлари бўларди. Энди мутлақ кўпчилик эмас, нисбатан кўпчилик овоз берса, етарли бўлади сайланишга. Сайлов жараёнларини осонлаштиради бу.