Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эквадорда президент сайловида хавфсизликни таъминлашга 100 минг ҳарбий ва полициячи жалб қилинди
Эквадорда президентлик сайловларининг биринчи тури олдидан фаворитлардан бири отиб ўлдирилганди. Иккинчи турга чиққан номзодлар Гонсалес ва Нобоа ўқ ўтказмайдиган жилет кийиб олган ҳолда овоз берди.
Эквадорда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи 15 октябр, якшанба куни кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида бўлиб ўтди, чунки овоз беришдан олдин икки сиёсатчи, жумладан, фаворитлардан бири саналган номзод ўлдирилганди. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 17:00 (Тошкент вақти билан 16 октябр 03:00)да ёпилди.
Сўлларнинг «Фуқаролик инқилоби» ҳаракатидан номзод, қарийб 34 фоиз овоз олган Луис Гонсалес ва 23 фоиз овозни қўлга киритган парламент собиқ аъзоси, марказчи Даниэл Нобоа иккинчи турга чиқди. Агар Гонсалес ғалаба қозонса, у Эквадор тарихидаги биринчи аёл президентга айланади, 35 ёшли Нобоа эса Жанубий Америка давлатининг энг ёш раҳбари бўлади.
Хавфсизликни таъминлашга 100 минг ҳарбий ва полициячи жалб қилинган
Эквадордаги сайловлар «қўрқув муҳитида» ўтди, дея таъкидлайди AFP. Овоз бериш вақтида иккала номзод ҳам ўқ ўтказмайдиган жилет кийиб олди. Эквадорда 20 август куни бўлиб ўтган биринчи турга икки ҳафта қолганда икки сиёсатчи ўлдирилганди.
«Саф» ҳаракатидан президентликка номзод Фернандо Вилявисенсо 9 август куни Китодаги сайловолди ташвиқоти йиғилишидан сўнг бошига уч марта ўқ узишлари оқибатида ҳалок бўлди. Сўровлар уни фаворитлардан бири деб кўрсатиб, иккинчи босқичга ўтишини прогноз қилганди. Унинг ўрнига келган Кристиан Сурита эса Нобоадан 8 фоизга ортда қолган ҳолда учинчи ўринни эгаллади.
Вилявисенсо ўлдирилганидан бир неча кун ўтиб, «Фуқаролик инқилоби» ҳаракати етакчиси Педро Брионес Эквадорнинг Эсмералдас провинциясида номаълум кимсалар томонидан отиб ўлдирилди.