Полшадаги парламент сайловларида бош вазир ўринбосари Ярослав Качинскийнинг ҳукмрон миллий-консерватив «Қонун ва адолат» партияси ўз рақибларини ортда қолдирган бўлса-да, парламентда кўпчиликни ташкил қилиш учун зарур бўлган чегарадан ўта олмаган бўлиши мумкин. Бундан 15 октябр, якшанба куни кечқурун эълон қилинган экзитполлар натижаси дарак беряпти. Сайловнинг якуний натижалари 17 октябр куни эълон қилиниши кутилмоқда.
Экзитполлар натижасига кўра, «Қонун ва адолат» 36,8 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. Полша собиқ бош вазири ва Европа кенгаши собиқ раиси Доналд Туск бошчилигидаги мухолифатдаги «Фуқаролик платформаси» 31,6 фоиз овоз олиши мумкин. Учинчи ўринда эса, сўров натижаларига кўра, 13 фоиз овоз билан марказчи «Учинчи йўл» партияси.
Ўринлар сони бўйича «Қонун ва адолат» парламентдаги 460 ўриндан 200 та ўринга эга, парламентдаги кўпчилик учун эса камида 231 та овозга эга бўлиш керак. «Фуқаролик платформаси» 163 ўрин олади, бироқ партия «Учинчи йўл» ва сўллар алянси билан коалиция тузиши кутилмоқда, бу эса уларга парламентда 248 ўрин беради.
Тахминларга кўра, «Қонун ва адолат»га парламентда кўпчиликни ташкил этишда ўта ўнг «Озодлик ва мустақиллик конфедерацияси» партияси билан иттифоқ ёрдам беради. У, хусусан, Украинага Россия агрессиясига қарши курашда ёрдам беришни тўхтатиш тарафдоридир. Бироқ, экзитполлар натижасига кўра, у парламентда бор-йўғи 12 та ўринга эга бўлади, бундан ташқари, сайлов кампанияси пайтида «Қонун ва адолат»дан узоқлашган.
Мухолифат етакчиси Доналд Туск аллақачон овоз бериш натижаларини ғалаба деб билишини айтган. «Мен ҳеч қачон иккинчи ўриндан бунчалик хурсанд бўлмаганман. Полша ғалаба қозонди, демократия ғалаба қозонди, «Қонун ва адолат» ҳукумати тугади», - дея унинг сўзларини келтиради dpa. Качинский, ўз навбатида, унинг партияси кейинги воқеалар ривожини кутаётганини таъкидлади.
Качински ва Туск - кўп ўхшашликларга эга рақиблар
Туск ҳам, Качински ҳам ўтмишда антикоммунистик мухолифатни қўллаб-қувватлаган. 1989 йилда коммунизмнинг қулаши режимнинг икки танқидчиси учун янги истиқболларни очди. Либерал ғояларга берилган Туск Полшадаги демократик ўзгаришлар фонида «Либерал-демократик конгресс» партиясини тузди. 1991 йилгача «Либерал-демократик конгресс» Качинскийнинг христиан-демократик партияси - «Келишув маркази»нинг бир қисми эди, аммо Качински ва Туск тез орада бошқа йўлларни танлади.
2001 йилда иккала сиёсатчи ҳам Полшанинг бугунги сиёсий манзарасини белгилаб берувчи янги партиялар – «Қонун ва адолат» ва «Фуқаролик платформаси»ни тузди. 2005 йилги парламент сайловларидан сўнг улар қўшма ҳукумат тузиш бўйича музокаралар олиб борди, бироқ ўзаро ишончсизлик ва шахсий амбициялари бунга тўсқинлик қилди. Ўшандан бери Качински ва Туск бир неча бор ҳокимият тепасида бир-бирини алмаштирди.















