Жаҳон | 08:15 / 17.10.2023
6885
3 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг Яқин Шарқ бўйича резолюция лойиҳасини рад этди

БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши қўшимча маслаҳатлашувлар учун тўхтатилди. Россия ва Бразилиянинг рақобатдош резолюция лойиҳалари овозга қўйилиши керак эди.

Фото: БМТ

16 октябр, душанба куни кечқурун Ню-Йоркда БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг Яқин Шарқдаги можаронинг кескинлашувига оид резолюция лойиҳасини рад этди. Россия ва Бразилиянинг иккита рақобатчи лойиҳаси тақдим этилиши керак бўлган овоз беришдан олдин йиғилиш тўхтатилди - Бирлашган Араб Амирликларининг доимий вакили илтимосига кўра, Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзоси ёпиқ эшиклар ортидаги қўшимча маслаҳатлашувлар учун чиқиб кетди.

Россия томонидан таклиф қилинган лойиҳада «ҳуманитар оташкесим» ва Ғазо секторидаги исроиллик гаровга олинганларни озод қилишга чақирилган, бироқ ҲАМАС гуруҳининг ҳужуми тўғридан тўғри қораланмаган. БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Бразилиядан резолюция лойиҳаси бўйича овоз бериш 17 октябр оқшомига қолдирилди.

Хавфсизлик кенгашидаги келишмовчиликлар

Россия резолюцияси лойиҳаси кенгашнинг 15 аъзосидан атиги бештаси томонидан қўллаб-қувватланди; резолюцияни қабул қилиш учун зарур бўлган минимал миқдор - тўққизта овоз, бундан ташқари, унга ҳеч ким вето қўймаслиги керак. Маълумотларга кўра, маслаҳатлашувлардан сўнг Бразилия ўз матнини тўғрилаган, Буюк Британия, Франция ва БАА ўзгаришларни талаб қилган. Бироқ, Бразилия лойиҳасининг қабул қилиниши ҳам сўроқ остида.

Дипломатик доираларга кўра, Россия таклиф қилган ҳужжат зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақиради ва тинч аҳолига қарши қаратилган ҳар қандай зўравонлик ва ҳарбий ҳаракатларни, шунингдек, барча «терроризм актларини» «қатъий қоралашни» ўз ичига олади, унда ҲАМАС ҳақида гапирилмаган.

Ўз навбатида, Бразилия резолюция лойиҳаси «ҳуманитар пауза»га чақиради, зўравонлик, тинч аҳолига қарши ҳарбий ҳаракатларни, шунингдек, «ҲАМАС ҳужумларини» қоралайди. Шу билан бирга, Бразилия таклифи номи очиқ айтилмаган Исроилни Ғазо сектори шимолидан тинч аҳолини эвакуация қилиш талабини бекор этишга чақиради.

Ўтган ҳафта охирида, 7 ва 8 октябр кунлари ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг чақирилган БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши фаластинлик жангчиларнинг ҳаракатларини қораламаган ҳолда якунланди. Кейинроқ, 13 октябр куни Хавфсизлик кенгаши иккинчи мажлисини ёпиқ эшиклар ортида ўтказди, бироқ ягона ёндашувни ишлаб чиқа олмади.

БМТ бош котиби Ғазо секторида эвакуацияни имконсиз деб ҳисоблайди

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг Ғазо секторидан тинч аҳолини 24 соат ичида эвакуация қилиш талабини имконсиз деб атади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фикрича, бундай қадамни талаб қилиш оқибатлари ҳуманитар фалокатга олиб келиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид