Ўзбекистон Автомобил йўллари қўмитасида Жанубий Кореянинг SAMAN ва KECC компаниялари мутасаддилари билан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Учрашув чоғида узоқ муддатли бош режа, бошқарув йўриқномалари, давлат-хусусий шерикчилик  асосида йўлларни эксплуатация қилиш ва сақлаш сифатини назорат қилиш стандартлари ҳамда салоҳиятни ошириш дастурларини тақдим этиш орқали Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикчилик асосида қуриладиган йўллар учун ҳуқуқий асос яратиш масалалари муҳокама қилинди. Кутилаётган натижалар давлат-хусусий шерикчилик асосидаги йўлларни эксплуатация қилиш ва сақлаш бўйича узоқ муддатли бош режани ишлаб чиқиш ҳисобланади. 

Умумий қиймати 1 миллион АҚШ долларни ташкил этган грант лойиҳаси доирасида Ўзбекистондаги мавжуд йўллар ўрганилади, йўлларни эксплуатация қилиш, таъмирлаш, сақлаш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилади. Давлат-хусусий шерикчилиги асосида қуриладиган йўллар доимий назоратда бўлади ва мониторинг қилиб борилади.

Бўлиб ўтган учрашув якунида ушбу лойиҳани амалга ошириш механизмини яратиш бўйича келишиб олинди.