Ўзбекистон | 16:36 / 19.10.2023
10474
1 дақиқада ўқилади

Озарбойжон мудофаа вазири Бухорога келди

19 октябр куни Озарбойжон мудофаа вазири генерал-полковник Зокир Гасанов бошчилигидаги ҳарбий делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Делегация Бухорода Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов томонидан кутиб олинди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳарбийлар дастлаб Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилди.

Делегация вакилларини расмий кутиб олиш “Бухоро” полигонида ўтказилди. Вазирлар учрашувда икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган ҳамда муносабатлар янги стратегик шерикчилик босқичига кўтарилганини қайд этди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги ҳарбий, ҳарбий-техникавий, ҳарбий таълим ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизлик масалалари ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Томонлар ўртасида 2024 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мавзуга оид