Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил учун давлат бюджетининг асосий йўналишлари ҳамда тармоқ ва ҳудудларда амалга ошириладиган вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Давлат бюджети даромадларини кўпайтириш, харажатларини оптималлаштириш бўйича ҳар бир соҳа, тармоқ ва ҳудудлар кесимида мавжуд захира ва имкониятлар атрофлича таҳлил қилинди. 

Аввало, йирик саноат тармоқларида харажатни қисқартириш орқали таннархни камайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Масалан, жорий йилнинг биргина тўртинчи чорагида 349 та йирик саноат корхонасида 2,1 триллион сўм харажатларни камайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Бу ишларни тизимли давом эттириш учун ҳукуматга келгуси йилда йирик тармоқларда таннархни 15-20 фоиз камайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. 

Ҳудудларнинг даромад базасини кенгайтириш масаласига тўхталиб ўтилди. Жумладан, паст қувватда ишлаётган корхоналарга кўмак бериб, уларни тўлиқ қувватга чиқариш чоралари белгиланди. Тадбиркорликни ривожлантириб, солиқ базасини кенгайтириш, афзалликлар бериш орқали «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш муҳимлиги айтилди. 

Қишлоқ хўжалигида «катта сакраш»га фақат илм орқали эришиш мумкинлиги таъкидланди. Бу борада ер сифати, нав ва агротехнологияга замонавий илмий ютуқларни кенг татбиқ этиш орқали бир гектарда пахта ҳосилдорлигини 50 центнерга, ғаллада 100 центнерга етказиш вазифаси қўйилди. 

Минтақада сув муаммоси кун сайин долзарб бўлиб бормоқда. Сўнгги икки йилда сув хўжалигига бюджетдан 22 триллион сўм, жумладан, сув тежовчи технологияларга қарийб 1 триллион сўм субсидия ажратилган. 

Шу боис келгуси йилларда суғориш каналларини бетонлаш, сув тежовчи технологиялар ўрнатиш ишларига ажратиладиган маблағ кўпайтириб борилади. Жумладан, келгуси йилда марказлашган инвестиция ҳисобидан 1,7 триллион сўмлик ва халқаро молия ташкилотларидан 300 миллион долларлик сув инфратузилмаси лойиҳалари амалга оширилади. Давлатимиз раҳбари бу масалага кенгроқ тўхталиб, суғориш каналларини бетонлаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинишини таъкидлади. 

2024 йил учун давлат бюджети лойиҳасида ижтимоий соҳага катта эътибор қаратилган. Хусусан, келгуси йил инсон капиталини ривожлантириш учун 102,5 триллион сўм йўналтириш мўлжаланмоқда. Бу жорий йилгига нисбатан 15 фоиз кўп. 

Масалан, дастлабки лойиҳада 317 та мактаб қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилган эди. Президент бу масаланинг муҳимлигини ва жойлардаги талабни инобатга олиб, яна 150 та мактаб қурилишига маблағ ажратишни таклиф қилди.