АҚШ президенти ЕИ раҳбарлари билан Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилди
Жо Байден Оқ уйда Европа комиссияси раҳбари фон дер Ляйен ва Европа кенгаши раиси Мишелни қабул қилди. Томонлар ҲАМАС ва Исроил можароси, шунингдек, Хитой билан алоқалар, иқлим ва савдони муҳокама қилган.
АҚШ президенти Жо Байден 20 октябр, жума куни Оқ уйда Европа комиссияси (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши раиси Шарл Мишелни қабул қилди. Учрашувнинг асосий мавзулари Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги можаро, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши бўлди. Бундан ташқари, музокарачилар Хитой билан муносабатлар, глобал иқлим ўзгаришига қарши кураш ва баъзи савдо масалалари, хусусан, АҚШнинг Европа Иттифоқидан пўлат ва алюминийга божлари тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилди.
Саммит якунлари бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда томонлар яна бир бор Исроилни қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу билан бирга, АҚШ ва Европа Иттифоқи раҳбарлари Исроилни халқаро ҳуманитар қонунларга риоя қилишга чақирди.
«Биз тинч аҳолини ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидлаш учун минтақадаги ҳамкорлар билан яқиндан алоқадамиз. Ғазо секторида ҳуманитар инқироз кучайиб бораётганидан хавотирдамиз. Минтақавий кескинлашувнинг олдини олиш жуда муҳим. Биз барча гаровга олинганларни зудлик билан озод этишга чақирамиз ва «икки давлат барпо этилиши мустаҳкам тинчлик сари реал йўл бўлиб қолиши» ҳақидаги умумий фикримизни таъкидлаймиз», дейилади ҳужжатда. АҚШ ва ЕИ Украинани ҳам Россия агрессиясига қарши курашда «керак бўлгунига қадар» қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.
Аввалги АҚШ ва Европа Иттифоқи икки томонлама саммити 2021 йил 15 июн куни бўлиб ўтган эди.
Фон дер Ляйен Россияни ҲАМАС билан таққослади
20 октябр куни Вашингтондаги Хадсон институтида сўзга чиққан фон дер Ляйен Украинадаги уруш ва Яқин Шарқдаги инқироз Европа ва АҚШнинг янада мустаҳкамланишига туртки бериши кераклигини таъкидлади. ЕК раҳбарининг сўзларига кўра, Брюссел ва Вашингтон Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қарама-қаршиликнинг бошқа мамлакатларга – хусусан, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати можарога потенциал аралашуви орқали тарқалиши олдини олиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошириши керак. Бунинг учун АҚШ ва ЕИ биргаликда можаро томонларига «аниқ сигнал» бериши керак, деди фон дер Ляйен.
Еврокомиссия раҳбари, шунингдек, Россия ҲАМАСга ўхшашини, чунки у Украинани жаҳон харитасидан ўчириб ташламоқчи эканини айтди. Аввалроқ АҚШ президенти Россия президенти Владимир Путин ва ҲАМАС ўртасида ўхшашликларни келтириб ўтган эди. Москва «бундай оҳангни қабул қилиб бўлмаслигини» билдирди.
Байден Конгрессдан Украина ва Исроил учун 75 миллиард доллар сўраяпти
Шу куни АҚШ президенти Конгрессга Украинага бир йил муддатга 61,4 миллиард доллар, шунингдек, Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича сўров юборгани маълум бўлди. Бундан ташқари, Оқ уй раҳбари парламентдан Фаластин аҳолисига ёрдам бериш учун 10 миллиард доллар, АҚШ-Мексика чегарасини ҳимоя қилиш учун 13,6 миллиард доллар ва миллий хавфсизликнинг бошқа устувор йўналишлари учун 7,4 миллиард доллар сўраган.
Кузатувчиларнинг айтишича, Байден сўраган қўшимча маблағлар маъқулланиши ёки қачон тасдиқланиши номаълум. Демократлар назоратидаги Сенатда партиядош президентнинг илтимоси катта эҳтимол билан қўллаб-қувватланса-да, парламент қуйи палатасида республикачиларнинг катта қисми Украинага ёрдамни давом эттиришга қарши. Қолаверса, АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида етакчи йўқлиги сабабли қонун ижодкорлиги иши кўп жиҳатдан фалаж аҳволда.
Мавзуга оид
17:22
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
10:05
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
21:19 / 16.11.2024
Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини тайинлади
15:52 / 16.11.2024