Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг СССР Шарқий Европа давлатларини ўз вассалига айлантиради. Уларда Москва ёрдамида коммунистик партиялар тузилиб, ҳокимият эгалланади.

Ўша пайтда Шарқий Европа халқлари келажакда ўзларини нималар кутаётганини, советлар бошларига қандай кулфатлар солишини билмасди.

Тез орада маъмурий буйруқбозликка асосланган тузум уларга ўз зулмини ўтказа бошлайди. Шундан сўнг коммунистик тузумга қарши бир қанча намойишлар бўлиб ўтади.

Жумладан, 1953 йил 3 май куни Болгариядаги тамакини қайта ишлаш корхонасида, ўша йили 31 май 2 июн оралиғида Чехословакиядаги бир нечта корхоналарда, 15-18 июн кунларида ГДРда, 1956 йил ёзда Полшада ишчилар маошлар камлиги, меҳнат шароити ёмонлиги сабабли коммунистик тузумга қарши намойишлар ўтказишади. Бу намойишларнинг барчаси аёвсиз тарзда бостирилади.

1956 йил октябр ойида венгр халқи коммунистик тузумга қарши бош кўтаради. Венгрия раҳбарлари Москвага қочишади. Мамлакат тепасига Ғарб билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларни яқинлаштириш тарафдори бўлган янги ҳукумат келади.

Бундай ҳолат Москва манфаатларига тўғри келмасди. Венгрияга кўп сонли совет армияси киритилади. Сўнг мамлакатнинг қонуний ҳукумати ағдарилиб, ўрнига яна коммунистик тузумга хизмат қилувчи қўғирчоқ ҳукумат ўрнатилади.

Тўқ рангларда иккинчи жаҳон урушидан сўнг СССР таъсири остига тушиб қолган Шарқий Европадаги давлатлар кўрсатилган.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Венгриядаги вазият

Мамлакат фашистлардан озод бўлгач 1945 йилда Венгрияда сайловлар ўтказилади. Унда кичик хўжаликларнинг мустақил партияси 57 фоиз овоз олиб, ғалаба қозонади. «Венгрия меҳнаткашлар партияси» деб номланган коммунистик партия вакиллари эса бор-йўғи 17 фоиз олади.

Сайлов натижаларининг бундай тус олиши Венгрияда коммунистик тузум ўрнатмоқчи бўлган Москвани қониқтирмайди. Шу сабабли орадан 2 йил ўтиб яна сайлов ўтказилади.

Сайловдан аввал ҳукмрон ҳукмрон партиянинг таниқли вакили Бела Ковач советлар томонидан ҳибсга олиниб, Москвага жўнатилади. У ерда Ковачга СССР зарарига жосуслик қилганлик айби қўйилади ва 20 йилга қамалади (Ковач Сталин вафотидан кейин 1956 йилда озод қилинган).

Иккинчи сайловда коммунистларнинг Венгрия меҳнаткашлари партияси (ВМП) бор-йўғи 22 фоиз овоз олган бўлса ҳам совет ҳарбийлари ёрдами билан ҳокимиятни тўлиқ эгаллайди.