Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонасида Испания Сиёсат ва хавфсизлик таҳлили институти президенти Мануел Морато билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Испания таҳлил марказлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар стратегик шерикликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди. Шу муносабат билан, Испания таҳлил марказларининг етакчи экспертлари ва манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар вакиллари иштирокида Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати ва унинг Марказий Осиёда хавфсизлик архитектурасини шакллантиришдаги ўрни ҳақида мунтазам равишда қўшма давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказишга келишиб олинди.

Яқин вақт оралиғида Ўзбекистоннинг таҳлил институтлари билан ўзаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши юзасидан ҳам келишувга эришилди.