Йиғилишга ТДТга аъзо давлатлар — Ўзбекистон, Озарбойжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистоннинг инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул идоралар раҳбарлари, 30 нафарга яқин вакиллари, Ўзбекистондаги вазирлик, идоралар, ҳокимликларнинг кадрлар билан ишлаш бўлинмалар раҳбарлари, хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қайд этиб ўтиш керак 2022 йилнинг июл ойида Туркия президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари офиси томонидан Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатларнинг инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул идора ва ташкилотлари раҳбарларининг илк йиғилиши ўтказилган эди.
Дастлабки йиғилиш якунлари бўйича Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, бу каби учрашувларни ҳар йили аъзо мамлакатларнинг бирида ўтказишга келишиб олинган, иккинчи йиғилишини Ўзбекистонда ташкил қилиш таклиф қилинган эди.

Ушбу тадбир давлат хизматини ривожлантиришда салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантириш муаммолари, истеъдодли шахсларни давлат хизматига жалб қилишнинг замонавий ва самарали механизмларини муҳокама қилиш ва ўзаро ҳамкорлик учун қулай майдон яратиш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат фуқаролик хизмати тизимини илғор хориж тажрибаси асосида ислоҳ қилиш заруратини кўрсатмоқда. Шу ўринда, 2022 йил 8 августда қабул қилинган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунни ҳаётга самарали татбиқ этиш учун хориж тажрибасида ўзини оқлаган замонавий механизм ва технологияларни қўллаш кун сайин долзарб масалага айланиб бормоқда.

«Ўзбекистонда президент Ш.Мирзиёев томонидан лгари сурилган ташаббусга кўра маҳаллаларда ишни ташкил қилиш тажрибаси бизда жуда катта қизиқиш уйғотди. Маҳалларда еттилик жорий этилиши тажрибасини ўзбекистонлик кадрлар хизмати соҳасида меҳнат қилаётган ҳамкасбларимиздан ўрганмоқдамиз. Биз Қирғизистонда жорий этган ўз тажрибамиз билан ҳам ўртоқлашдик. Бу автоматлаштирилган ахборот тизими бўлиб, «Тундук» тизимига уланади ва кадрлар бўйича барча информациялар битта жойга тўпланади. Биз ўзимизнинг эҳтимолли ходимларимизнинг иш сифати ва салоҳиятига бир онда баҳо бера оламиз. Туркий тилли давлатлар ўртасида тажриба алмашинуви барчамиз учун фойдали бўлиши шубҳасиз», — деди журналистлар билан суҳбатда Қирғизистондан келган арбоб Худайберган Базарбаев.



















