Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Учкўприк тумани молия бўлими бошлиғи ва туман ҳокими ёрдамчиси карта ўйнаётгани, ўртага пул тикилгани акс этган сурат тарқалди. Унда расмий идора хонаси экани кўриниб турган жойда бир гуруҳ шахслар кўрпача солиб, пул тиккан ҳолда карта ўйнаб ўтирганини кўриш мумкин. 

Қимор ўйнаганга қандай жазо бор?

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги 176-сонли қарори билан 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқлаб қўйилган.

Бундай қилмиш учун тегишли кодексларга маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари киритилган.

Интизомий жазо. Давлат хизматчисининг қимор ўйнаши, хусусан бу “иш”ни хизмат идорасида амалга ошириши аҳлоқ одоб ҳамда интизомга оид нормаларнинг қўпол бузилишини ҳам англатади.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”га кўра, давлат хизматчилари хизмат фаолияти давомида ўз хизмат вазифаларини виждонан, ҳалол ва юксак профессионал даражада бажариш, расмиятчилик, сохтакорлик ва суиистеъмолчиликка йўл қўймаслиги, ҳар қандай қонунбузилишига, айниқса, коррупция ҳолатларига қарши муросасизлик билан курашиши зарур.

Мазкур ҳужжатда давлат хизматчилари ишдан бўш вақтларида умумқабул қилинган ахлоқ нормаларига риоя қилишлари ва уларга зид бўлган хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шартлиги, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслиги ҳам белгилаб қўйилган.

Давлат хизматчисининг Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши уларни қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Маъмурий жавобгарлик. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 191-моддасига кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш, ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан (990 минг сўм) 5 бараваригача (1 млн 650 минг сўм) миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.