Ўзбекистон | 13:37 / 25.10.2023
18828
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги «новостройка»лардан бирида лифт 9-қаватдан пастга тушиб кетди

Лифт 5-қаватга етганда авария тормози ёрдамида тўхтаган. Шаҳар ҳокимияти ҳолат сабаб жароҳатланганлар бўлмаганини, уй қуриб битказилганидан кейин текширилмасдан аҳолига фойдаланишга топширилганини маълум қилди.

Иллюстратив фото: Kun.uz

24 октябр куни Тошкент Шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасида жойлашган янги кўп қаватли уйда лифт юқори қаватдан пастга тезлашиб тушгани, ўша вақтда лифт ичида одамлар ҳам бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

«Лифт 9-қаватдан 5-қаватга қулади, кейин хайриятки, тормоз ишлаб кетди. Лифт ичида одамлар бор эди, ҳамма ҳали ҳам шокда. Ўрганишларга кўра, лифт қурувчи ташкилот ВEК (векбуилдинг.уз) томонидан эксплуатация учун бошқарув сервис компаниясига тақдим этилмаган. Баъзи лифтлар ҳали ҳам ишламаяпти, бошқарув сервис компанияси вакилларининг айтишича, уларда эҳтиёт қисмлар етарли эмас», – дейилади фуқаролардан бири жойлаган постда. 

Қўшимча қилинишича, бу уйдан одамлар салкам 3 йилдан бери фойдаланиб келади. Ҳужжатларни расмийлаштириш ва лифтлар масаласи ҳанузгача тартибга солинмаган. 

«Сўнгги пайтларда лифтлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар тез-тез учраётган вақтда бу ҳолатнинг юзага келиши даҳшатли ва қўрқинчли. Бу вазиятда қурувчи ташкилот билан бўлаётган муаммони ҳал қилиш, ваколатли органлар ёрдам бериши учун қаерга боришимиз керак, айтинг?» – дейилади мурожаатда. 

Кун.уз ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бош мутахассиси Гулноза Қосимова билан боғланди. У лифт қулагани ҳақидаги хабарни тасдиқлар экан, бу вазиятда қурувчи ташкилотнинг айби борлигини таъкидлади. Таъкидланишича, янги қурилган кўп қаватли уй бўлишига қарамай, бино ҳокимият томонидан текшириб қабул қилиб олинмаган. 

«Шаҳар ҳам, туман ҳокимияти ҳам бу уйни балансга олиб, қабул қилиб олмаган, қурувчи ундан олдин уйни одамларга сотиб, топшириб юборган. Айни вақт лифт бўйича ташкилотимиз раҳбари ўша ҳудудга юборилган, ҳолат назоратга олинган. Ҳозирда бериладиган аниқ маълумот: вазият сабаб ҳеч ким зарар кўрмаган. Лифтнинг тормоз тизими ишлаб, ҳаммаси жойида бўлган. 

Фуқаролар бу ҳолатни қурувчи ташкилотга мурожаат қилиб ҳал этиши лозим. Бугунги ҳолатда ҳеч ким зарар кўрмади дегани бу ҳолат яна такрорланмайди дегани эмас-ку. Қурувчи ташкилотнинг хатоси: одамлар кириб яшашидан олдин ҳаммасини яхшилаб текшириб олиши лозим эди», – дейди у. 

Бу жорий йил ҳисобида лифтлар билан юзага келган ягона нохушлик эмас. Июн ойида Янгиҳаёт туманидаги аҳолига носоз ҳолатда топширилган лифт тезлашиб кетиб, сўнг унинг ҳам автоматик тормоз тизими ишлаб кетганди. Ўшанда лифт ичида 13 киши бўлгани, шуларнинг 2 нафари ёш бола экани, уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилгани маълум бўлганди.

Кейинроқ Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасидаги 239-уйнинг энг юқори қаватида тўхтаб қолган лифтдан почтачи аёл жасади топилганди. Қайд этилишича, аёл лифтга кирган вақтда электр таъминотида узилиш кузатилган ва марҳум лифтда қамалиб қолган.

Август ойида Юнусободдаги кўп қаватли уй лифтида 2 киши қамалиб қолганди. Расмийлар ўша вақтда бу лифт уйга 15 кун аввал ўрнатилганини, аммо синов муддати сабабли хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниясига топширилмаганини маълум қилганди.

Мавзуга оид