Макрон Қозоғистонга расмий ташриф билан келди
Франция президентининг кейинги манзили – Ўзбекистон.
Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Франция президенти Эммануэл Макронни Остона шаҳрида тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Қозоғистон раҳбари матбуот хизмати.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Эммануэл Макрон делегациялар аъзоларини бир-бири билан таништирди. Фахрий қоровул ротаси бошлиғи икки давлат раҳбарларига рапорт берди, Қозоғистон ва Франция мадҳиялари янгради.
Аввалроқ олий мартабали меҳмонни пойтахт аэропортида Қозоғистон бош вазири Алихон Смоилов кутиб олди.
Қисқа суҳбат чоғида ҳукумат раҳбари ушбу ташриф Остона ва Париж ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантиришга янги суръат бағишлашига ишонч билдирди.
Аввалроқ икки давлат раҳбарлари Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Эммануэл Макрон савдо-иқтисодий, сармоявий ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича музокаралар ўтказиши, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиши хабар қилинганди.
Қозоғистондан сўнг Франция раҳбари ва унинг делегацияси аъзолари Ўзбекистонга ташриф буюради.
Франция президенти Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 1-2 ноябр кунлари ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф дастурига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилади, унда Ўзбекистон-Франция кўп қиррали муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Савдо-иқтисодий, инновацион, сармоявий ва маданий-ҳуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратилади.
Ўзбекистон ва Франция раҳбарлари икки давлатнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари иштирокидаги қўшма бизнес-форумда ҳам иштирок этади.
Саммит якунлари бўйича қатор ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар, шунингдек, савдо ва сармоявий битимлар пакетини қабул қилиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
17:50 / 06.11.2024
Макрон Трамп ғалабасидан кейин Франция ва Германия мақсадларини айтди
12:44 / 11.10.2024
Зеленский Парижда Макрон билан Украинанинг «ғалаба режаси»ни муҳокама қилди
11:20 / 07.09.2024
Шолц ва Макрон Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди
08:27 / 30.08.2024