Фото: Мирзиёев ва Макрон тунги Самарқанд бўйлаб сайр қилди
Франция президенти Самарқанддаги обидаларни томоша қилди.
Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Франция президенти Эммануэл Макрон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида тунги Самарқанд бўйлаб сайр қилди.
Давлат раҳбарлари ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Регистон мажмуасига ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмонга ушбу Шарқ меъморчилиги дурдонасининг қурилиш тарихи, ноёб нақшлари, мазкур маскан билан боғлиқ машҳур воқеа ва шахслар хусусида сўзлаб берилди.
«Франция президентининг ташрифи Самарқандда ўтаётгани ва айнан Регистондан бошлангани бежиз эмас. Бу ерда халқларимиз ўртасидаги тарихий муштаракликни мужассам этган жиҳатлар кўп.
Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур буюк саркарда, савдо ва илм-фан ҳомийси сифатида Осиё ва Европада рўй берган тарихий ўзгаришларга катта таъсир кўрсатган. XV асрда Парижда унинг шарафига «Европанинг халоскорига» деган ёдгорлик қўйилган. Амир Темур ва Франция қироли Шарл VI бир-бирига мактублар юбориб, алоқа ўрнатган. Ёзишмаларда сиёсий масалалар билан бир қаторда савдо-иқтисодий алоқаларга ҳам катта эътибор қаратилган.
Францияда буюк Соҳибқирон ва темурийлар ҳақида кўплаб илмий, бадиий асарлар яратилган. Жумладан, француз мутафаккири ва адиби Волтер асарида Мирзо Улуғбек, машҳур ёзувчи Жюл Верн романида Регистон маҳобати ҳақида тўлқинланиб ёзилган.
Бугун Франция делегацияси айнан шу майдонда бўлиб турибди. Тунги чироқлар билан ёритилган мажмуанинг улуғворлиги ва гўзаллиги меҳмонларда катта завқ уйғотди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Шу ерда Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон биргаликда суратга тушди.
Сўнг президентлар «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказидаги «Боқий шаҳар» тарихий-этнографик мажмуасида бўлишди.
Бу ерда халқимизнинг буюк ўтмиши рамзлари тўпланган, тарихий шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойларининг нусхалари барпо этилган. Миллий анъаналаримиз билан бирга дўст халқлар билан алоқалар тарихи ҳам акс эттирилган. Хусусан, Афросиёб ёдгорлиги деворларида сақланиб қолган Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган. Бундай маъно-мазмун, тарих ва бугунги кун уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Давлат раҳбарлари ўртасида самимий мулоқот бўлди. Самарқанд жаҳон цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири бўлгани, бугун ҳам халқаро саммит ва туризм марказига айланиб бораётгани қайд этилди. Меҳмонларга халқимизнинг бетакрор бадиий, ҳунармандлик ва мусиқий маданияти намойиш этилди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари, шу жумладан, олий даражадаги музокаралар 2 ноябр куни бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024
Самарқандда йўловчи автобуси трактор тиркамаси билан тўқнашди
14:23 / 29.10.2024
Самарқандда савдо дўкони ёниб кетди
19:09 / 28.10.2024