Жаҳон | 13:32 / 02.11.2023
8685
3 дақиқада ўқилади

Ҳисобот: дунё мамлакатларининг ярмида демократия заифлашмоқда

«Глобал демократия ҳолати» ҳисоботи муаллифлари сўнгги олти йил ичида дунёда демократия даражаси пасайиб борганини қайд этяпти.

Дунё давлатларининг деярли ярми демократия даражасининг пасайишини бошдан кечирмоқда. Бундай хулоса 2 ноябр, пайшанба куни Стокҳолмда тақдим этилган Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институти (IDEA) таҳлилий марказининг «Глобал демократия ҳолати» йиллик ҳисоботида келтирилган.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, дунёнинг 173 давлатидан 85 тасида сўнгги беш йил ичида камида битта соҳада демократик стандартлар заифлашган. Уларнинг кузатишларига кўра, бу салбий тенденция Европа, Осиё ва Шимолий Америкада тарихан кучли демократик анъанага эга бўлган давлатларга ҳам таъсир қилган. Ҳужжатда айтилишича, «кўплаб демократик давлатлар таназзулга юз тутмоқда, Қўшма Штатларда ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги тенглик пасаймоқда, Австрияда матбуот эркинлиги кучсизланяпти ва Буюк Британияда адолатга эришиш даражаси тушяпти».

Венгрия, Австрия ва Перу каби мамлакатларда кузатувчилар судларга сиёсий босим ўтказилиб, қонун устуворлиги заифлашганини ҳужжатлаштирган. Россия, Беларус, Озарбойжон ва Туркия эса, ҳисобот муаллифларига кўра, демократия даражаси бўйича кўрсаткичлари Европадаги ўртача кўрсаткичдан анча паст даражада экани ҳисобга олинса, Европанинг асосий қисмидан «ажралиб қолган».

Дунёда «демократиянинг рецессияси» кузатилмоқда

Ҳисобот муаллифларидан бири Майкл Ранининг сўзларига кўра, 2023 йилда қаторасига олтинчи марта экспертлар дунёда демократия заифлашаётган давлатлар бу соҳада яхшиланишлар кузатилган мамлакатларга қараганда кўпроқ эканини қайд этган. Сўнгги олти йил ичида дунёда демократия даражасининг пасайиши IDEA 1975 йилда бундай тадқиқотлар бошланганидан бери қайд этган энг узоқ «демократия рецессияси»дир, деди у. 

Бошқа нарсалар қаторида, экспертлар COVID-19 пандемияси билан боғлиқ демократик таназзулга ишора қилмоқда. Майкл Ранининг сўзларига кўра, ҳозир ҳам, пандемиядан кейин олинган маълумотларга кўра, бу соҳада «кўтарилиш» йўқ. 

IDEA’га кўра, дунёда демократия даражасининг пасайишини ҳаёт нархининг ошиши, иқлим ўзгариши ва Украина уруши билан боғлиқ ҳолда кўриш керак, улар сайловлар орқали ҳокимиятга келган кўплаб раҳбарлар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаряпти.

Шу билан бирга, ҳисоботда баъзи ижобий ўзгаришлар ҳам қайд этилган. Шу тариқа, IDEA маълумотларига кўра, бир қатор Марказий Европа давлатларида қонун устуворлиги соҳасидаги вазият яхшиланган, Африканинг бир қатор давлатларида эса коррупция даражаси пасайган ва фуқароларнинг сиёсий ҳаётдаги иштироки ортган. 

Мавзуга оид