Рейдлар давомида ҳужум қилаётган томоннинг йўқотишлари ҳақида дастлабки маълумотлар ҳам пайдо бўла бошлади. Исроил эса Ғазо шимолидаги қочқинлар лагерига зарба берган ва натижада ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Republic шу соатга келиб Яқин Шарқда вазият қай аҳволда эканини таҳлил қилди.

Ҳаводан ва ердан ҳужум

Исроил армияси (ЦАҲАЛ)нинг жанубий қўмондонлиги раҳбари генерал-майор Ярон Финкелман 31 октябр куни Ғазо секторида ҳаракат қилаётган ҳарбийларга қарата қилган мурожаатида «қўшин ҳужумга ўтгани, унинг мақсади ҲАМАС ва Ғазодаги террорчилик гуруҳларини йўқ қилиш» эканини айтган. «Бизнинг мақсадимиз битта — ғалаба. Биз тор кўчаларда, туннелларда, қаерда зарур бўлса ўша ерда жанг олиб борамиз. Биз қаршимиздаги қўрқинчли душманга зарба берамиз», — деган Финкелман.

Сўнгги сутка ичида ЦАҲАЛ 300 дан ортиқ нишон, жумладан, ҲАМАСнинг оператив штаби, турли ерости инфратузилмалари, жумладан, кўплаб туннелларни вайрон қилган. Reuters’нинг ёзишича, зарба берилган нишонлар орасида ҲАМАСнинг шахта остидаги танкларга қарши ракеталар ва ракета учирувчи қурилмалари постлари бўлган. Исроил мудофаа армияси шунингдек, Ғазо кўчаларидаги жангларнинг видеосини ҳам эълон қилган.

Axios портали баҳолашича, Исроил қуруқликдан ҳужумнинг бошланғич босқичида анклавга 20 минг ҳарбий киритган. Ҳозир у ерда ЦАҲАЛнинг камида иккита зирҳли танк ва пиёдалар дивизияси бор. Қайд этилишича, Исроил армияси учта зарбдор гуруҳ шакллантирган, унга танклар, бошқа зирҳли техникалар, шунингдек, артиллерия киради. Улар чегарадаги «Эрез» назорат-ўтказиш пункти ва анклав шимолидаги Дугит аҳоли пунктидан, шунингдек, жанубий-шарқий қисмдаги Кфар-Даром тураргоҳи томонидан (Ғазо секторининг қоқ белидан) бостириб киришган. Исроил армияси раҳбарияти ЦАҲАЛ гарчи жиддий йўқотишларга учраётган бўлса ҳам Ғазо секторида «катта» муваффақиятлар қозонганини айтишмоқда.