Ўзбекистон | 08:32 / 02.11.2023
8500
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Қозоғистонда бўлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига биноан 2-3 ноябр кунлари Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Саммит кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, экология, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда янада ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Делегациялар раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Тадбирлар якунида қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Жорий йилда Туркий давлатлар ташкилотига Ўзбекистон раислик қилмоқда. Кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 100 дан ортиқ муҳим тадбир ўтказилди.

Ташкилотга Ўзбекистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо, Венгрия ва Туркманистон ташкилотда кузатувчилардир. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид