Пойтахт Тошкентда “аномал” тирбандликлар-у, ҳавонинг юқори даражали ифлосланиши тобора авжига чиқмоқда. Бунинг сабабларини ўрганиш ва муаммоларни бартараф этишда дунёнинг “яшил” шаҳарларидан ўрнак олиш энг тўғри йўл. 22 млн аҳолисининг 88 фоизи яшил майдонли ҳудудлардан атиги 500 метргина радиусда яшаётган Пекин тажрибаси бунда бизга қўл келиши мумкин.

Рақам олиш автомобил олишдан-да қийинроқ

Пекинда автомобилларга давлат рақамларини олиш жараёни мураккаб қилиб қўйилган. Давлат рақамини олиш эса автомобил сотиб олишдан қийинроқ. Яъни рақамни сотиб олиш учун лотереяда иштирок этиш ёки йиллар давомида кутишга тўғри келади. Ёки аукционда қатнашиб, 100 минг юан ва ундан юқори (13,8 минг доллар) тўловни амалга ошириш керак. Аммо бунинг учун ҳам талаблар бор: Пекинда сўнгги беш йил давомида яшаш, солиқ тўлаш, ижтимоий суғуртага эга бўлиш ва ҳоказо. Компаниялар учун талаблар янада юқорироқ.

Ҳаво ифлосланганда автомобиллар учун чекловлар

Ҳаво ифлосланиши ўта юқори бўлган кунларда транспорт ҳаракати учун талаблар кучайтирилиб, шахсий автомобилдан ҳафтада тўрт кунгача фойдаланиш мумкин бўлган қоида жорий этилган. Пекинни қора тутун қоплаганида, шахсий транспортдан фойдаланиш қоидалари янада кучайтирилади: тоқ рақамли кунларда давлат рақами тоқ рақамлар билан бошланадиган транспорт, жуфт рақамли кунларда давлат рақами жуфт рақамлар билан бошланадиган транспорт ҳаракатига рухсат берилади. Давлат автомобилларининг 30 фоизга яқини гаражда қолади. Бунинг натижасида, тахминан 2 миллион аҳоли ҳаво ифлосланган кунларда жамоат транспортидан фойдаланади.

Қурилиш компаниялари учун тозаликни сақлаш бўйича қатъий қоидалар жорий этилган. Хусусан, юк машиналари олдин тозаланмасдан туриб, қурилиш майдонларидан шаҳар кўчаларига чиқиб кетиши қатъиян ман этилади.

Ечимлардан бири – жамоат транспорти

Пекиндаги юқори тирбандлик саёҳат вақтини оширади, меҳнат унумдорлигини пасайтиради ва пул йўқотишларга олиб келади. Ҳисоб-китобларига кўра, Пекин ҳар йили бундан 100 млрд юанга яқин бевосита ва билвосита иқтисодий йўқотишларга дуч келмоқда. Бу кўрсаткичлар Хитой пойтахти ЯҲМнинг (2023 йил бошида – 550 млрд доллардан ортиқ) қарийб 5 фоизини ташкил этади.

Бугунги кунда Хитой пойтахтида 25 мингдан ортиқ автобус турли йўналишларда қатнайди. Хитой Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда жамоат транспортининг йўловчи ташиш умумий ҳажмидаги ҳиссаси атиги 30 фоиз (ривожланган мамлакатларда – 60 фоизга яқин). Шу сабабли Хитой ҳукумати жамоат транспортининг қулай, тез, ишончли, қатнов жадвалига амал қилувчи, хавфсиз ва арзон бўлишига ҳаракат қилмоқда.