БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Ню-Йоркдаги бўлими раҳбари Крейг Мохибер Исроилнинг Фаластинга уюштираётган қонли ҳужумлари тўхтатилмаётгани сабабли истеъфога чиқишини эълон қилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперт, методолог ва ҳуқуқшунос Крейг Мохибер 1992 йилдан буён БМТ тузилмаларида фаолият юритиб келган.

Америкалик мутахассис 28 октябр куни лавозимидан кетишини билдириб, ўз раҳбари – олий комиссар Волкер Туркка очиқ хат ёзди.

“Ҳурматли Олий комиссар,

Бу – Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарнинг Ню-Йорк бўлими директори сифатида сизга сўнгги расмий мурожаатим бўлади.

Мен буни бутун дунё, жумладан, кўплаб ҳамкасбларимиз учун жуда оғир бир пайтда ёзяпман. Яна бир бор кўз ўнгимизда геноцид содир бўлаётганига гувоҳ бўляпмиз ва биз хизмат қилаётган ташкилотимиз буни тўхтатишга ожиз кўринади. 1980 йиллардан бери Фаластинда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини тафтиш қилиб келганман. 1990 йилларда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси сифатида Ғазода яшаганман. Унгача ва ундан кейин ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича бир нечта миссияларни амалга оширган шахс сифатида, бу мен учун жуда шахсий масаладир.

Тутсилар, босниялик мусулмонлар, язидийлар ва роҳинжаларнинг геноцидлари даврида ҳам шу ташкилотда ишладим. Бу геноцидларнинг ҳеч бирида ҳимоясиз тинч аҳолига қарши содир этилган даҳшатларни ва оммавий ваҳшийликларнинг олдини ололмадик. Заиф қатламларни ҳимоя қилолмадик. Ўз вазифаларимизни бажара олмаганимиз аянчли тарзда аён бўлди. Айнан шу тарзда фаластинликларга қарши йиллар давомида содир этилган таъқиблар ва қотилликларнинг ҳам олдини ололмадик.

Олий комиссар, бизнинг ҳаракатларимиз яна муваффақиятсизликка олиб келяпти.

30 йилдан ортиқ инсон ҳуқуқлари тажрибасига эга адвокат сифатида геноцид тушунчаси сиёсатда кўп суиистеъмол қилинишини жуда яхши биламан. Лекин Фаластинда ҳозир оммавий қатлиом бўлаётгани ҳақида шубҳа ёки мунозарага ўрин қолмади. Бу қирғиннинг асоси этно-миллатчилик ва мустамлакачилик мафкураси билан боғлиқ. Уларни араб бўлганликлари учунгина узоқ йиллар давомида мунтазам равишда таъқиб ва қирғин қилиб келишмоқда. Исроил ҳукумати ва ҳарбий раҳбарлари ўз ниятларини очиқ айтишди. Ғазода турар жойлар, мактаблар, черковлар, масжидлар ва тиббиёт марказларига қасддан ҳужумлар бўляпти, минглаб тинч аҳоли қирғин қилиняпти. Ғарбий Соҳилда ва Қуддусда эса, уй-жойлар тортиб олиниб, фақат миллатига қараб бошқаларга бериляпти. Исроил армияси ҳимоясида ноқонуний кўчманчиларнинг зўравонликлари давом этмоқда. Бутун Фаластинда апартеид ҳукм сурмоқда.