Бир қишлоқда оддийгина муштлашув содир этилса, одамлар уни кунлар давомида муҳокама қилиб юради. Бу жиноят тафсилотлари қишлоқ эмас, тилдан-тилга кўчиб, бутун водий вилоятларида шов-шув бўлган, эшитган одамни ёқа ушлашга мажбур қилган.

Ғойиб бўлган аёл

2014 йилнинг апрел ойи охирларида Қўқон шаҳрида яшовчи Машҳура Қодирова (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) йўқолиб қолади. Яқинларининг уни топишга бўлган уринишлари самарасиз якунланади: аёл ярим тунда изсиз, хат-хабарсиз ғойиб бўлганди.

Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБга хабар берилади. Қидирув кўлами кенгайтирилиб, барча имкониятлар ишга солинади. Бироқ уринишларнинг бари бекор кетади: Машҳура Қодированинг дараги чиқмайди.

Аёл уй-жойини, ҳатто ҳали 1 ёшга тўлмаган чақалоғини ҳам ташлаб, қаергадир кетиб қолиши эҳтимолдан йироқ эди. Шу сабабли, ИИБ ходимларида у қотиллик қурбони бўлган бўлиши мумкин, деган гумон пайдо бўлади. Аммо қотилликка ишора берувчи далиллар топилмайди, фақат гумоннинг ўзи билан эса жиноят иши очиб бўлмасди.

Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилади: шаҳарда “ўтириб” чиққан ҳамда жиноят содир қилишга мойил бўлган шахслар кузатувга олинади. Аммо изланишлар барибир иш бермайди: гўёки ер ютгандай аёлнинг на тириги, на ўлиги топилади.

Аслида аёлни чиндан ҳам “ер ютган” эди: яқинлари умид билан тиригини излаётган бир пайтда унинг мурдаси Қўқон шаҳри Туркистон кўчасидаги рус қабристонида Анна Свертская исмли аёлнинг қабрида ётарди.

Пухта қилинган иш

Заргарнинг хатосини заргар яхшироқ билади: ИИБ ходимлари излаётган аёлни из қолдирмасдан ИИБ ходимигина яшира олиши ўшанда ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.

Машҳура Қодирова аслида ака-ука ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилиб, рус қабристонидаги қабрларнинг бирига кўмиб юборилганди. Иш пухта қилинганидан унинг мурдаси йиллар давомида топилмайди.

Инспекторнинг ошиғи

Ўқишни тамомлаб, Қўқон шаҳар ИИБ ҲООБ профилактика нозири вазифасида ишлай бошлаган Нодир Жўраев Машҳура Қодирова билан танишиб қолади ҳамда шаръий никоҳ асосида унинг хонадонида яшай бошлайди. Жуфтлик 2013 йилда қиз фарзандлик бўлишади.

Бироқ Нодирнинг онаси Машҳурани келин қилмаслигини айтиб, 2014 йилнинг январ ойида уни бошқа қизга уйлантириб қўяди. Бўлиб ўтган тўйдан Машҳура хабарсиз эди. 2014 йилнинг апрел ойига келиб, Машҳура Нодирнинг бошқа қизга уйланганлигини билиб қолади.