Ўзбекистон маданият вазирига икки нафар биринчи ўринбосар ва ўринбосар тайинланди.
Вазирлик матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон президентининг 2023 йил 27 сентябрдаги қарорига мувофиқ Баҳодир Аҳмедов маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. У мазкур тайинловга қадар маданият вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.
Ўзбекистон президентининг 2023 йил 30 октябрдаги қарорига асосан Аваз Тожихонов маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. У тайинловга қадар Адлия вазирлиги «Конвенцион марказ мажмуаси дирекцияси» ДУК директори лавозимида ишлаган.
Ўзбекистон президентининг 2023 йил 27 сентябрдаги қарорига мувофиқ Юсуф Усмонов маданият вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. У мазкур тайинловга қадар Ҳисоб палатасининг Иқтисодиёт, давлат инвестиция дастурлари ва жамоат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатларини аудит қилиш шуъбаси бош инспектори бўлган.
















