Жаҳон | 09:46 / 07.11.2023
4497
4 дақиқада ўқилади

FT: 100 дан ортиқ Британия компаниялари Россияга қарши санкцияларни бузган

Буюк Британия Молия вазирлиги қонунбузарликларни ўзи тан олган компаниялар учун жазони енгиллаштиришга тайёр, деб ёзади Financial Times.

Фото: Luke MacGregor / Bloomberg

Британия компаниялари Россияга қарши санкциялар режимини бузганини тан олиб, давлат томонидан жазо енгиллаштирилишига умид қилмоқда, деб ёзади Financial Times 6 ноябр, душанба куни. Журналистларнинг Буюк Молия вазирлигига таяниб маълум қилишича, 17 май ҳолатига кўра, 127 компания санкцияларни бузганини ихтиёрий равишда тан олган

Нашрнинг қайд этишича, Лондондаги Молия вазирлиги қонунбузарликларни ўзи тан олган ва тергов давомида ҳамкорлик қилган компаниялар учун жазони енгиллаштиришга тайёр. Жазо чораларини қўллаш учун масъул бўлган идоранинг тегишли бўлими «компанияларни қасддан содир этилмаган хатолар учун жазолашга» интилмаяпти, деб ёзади FT. Санкцияларни бузганлик учун жазо сифатида огоҳлантириш ёки жарима солиниши мумкин, жариманинг юқори чегараси эса кўрсатилмаяпти. 

Энг қаттиқ санкциялар тўплами 

2022 йил 24 февралда Россия қўшинларининг Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланиши ортидан Буюк Британия Россиядаги 1600 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсга нисбатан санкциялар жорий қилди. Нашрнинг қайд этишича, бу йирик иқтисодиётга қарши санкцияларнинг энг қаттиқ пакети эди. Шу билан бирга, Россиядаги йигирмадан ортиқ банклар ва юздан ортиқ рус олигархлари билан бизнес юритувчи Британия ташкилотларига мораторий жорий этилди. 

Иқтисодий жиноятлар бўйича мутахассис ва Pinsent Masons юридик фирмасининг шериги Стейси Киннинг сўзларига кўра, у Молия вазирлигига сўров юборган ҳамда унга жавоб FT нашри мақоласи учун асос бўлган. Унга кўра, Россияга санкцияларнинг мисли кўрилмаган кўлами Британия бизнеси учун жиддий муаммо бўлиб чиқди. Киннинг таъкидлашича, Россия Эрон ёки Шимолий Корея каби санкцияга учраган давлатларга қараганда жаҳон иқтисодиётига кўпроқ интеграциялашган. 

Буюк Британия Олег Тинковга қарши санкцияларни бекор қилди 

Июл ойида маълум бўлишича, Буюк Британия россиялик тадбиркор Олег Тинковга нисбатан санкцияларни бекор қилган, у Британия Ташқи ишлар вазирлигига тегишли илтимос билан чиққанди. Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан сўнг, бу - Лондоннинг йирик россиялик тадбиркорга нисбатан жазо чораларини бекор қилган биринчи воқеа бўлди. Шу билан бирга, миллиардер Владимир Потанин тузилмаларига сотилган Тинков томонидан асос солинган «Тинкофф банк» ҳамон чекловлар остида. 

Россиялик тадбиркорларга музлатилган активларнинг бир қисмидан фойдаланишга рухсат берилди 

Ўша вақт, июл ойида Американинг The New York Times нашри Бирлашган Қироллик ҳукумати 2022 йил феврал ойида санкциялар остида қолган россиялик миллиардерлар Михаил Фридман ва Петр Авенга қарши санкцияларни енгиллаштиргани, бу уларга музлатилган ҳисоблардан юз минглаб евро сарфлашга имкон бергани ҳақида хабар берди. Умуман олганда, 2022 йилда Украина уруши бошланганидан бери Британия расмийларига лицензия (санкциялардан истиснолар) бериш учун мингга яқин аризалар келиб тушди, деб ёзади NYT. 2022 йил охирига келиб, Лондон улардан 82 тасини тасдиқлади, кўплари ҳали ҳам кўриб чиқилмоқда. 

Европа Иттифоқи ўз санкцияларини четлаб ўтганлик учун жазоларни кучайтиради 

Аввалроқ, июн ойида Европа Иттифоқи мамлакатлари адлия вазирлари ўзи киритган санкцияларни четлаб ўтганлик учун энг кам жазоларни белгилаган эди. Масалан, Европа Иттифоқи мамлакатларида Россияга ҳарбий маҳсулотлар етказиб бериш камида беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шу вақтгача Европа Иттифоқига аъзо давлатларда бундай қонунбузарликлар учун жавобгарликка тортиш мажбурияти йўқ эди. 

Мавзуга оид