Жаҳон | 10:41 / 08.11.2023
4874
2 дақиқада ўқилади

«Чегара билмас мухбирлар» Россияда мустақил ахборот платформасини ишга туширади

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти тайёрлаётган платформа яқин ҳафталарда ишга тушади. Бу орқали ташкилот россияликларга мустақил янгиликлардан фойдаланиш имкониятини бериш ниятида.

Фото: Anton Novoderezhkin/Tass/dpa/picture alliance

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ҳуқуқ ташкилоти яқин ҳафталарда россияликларга мустақил янгиликлардан фойдаланиш имконини берувчи платформани ишга туширади. 7 ноябр, сешанба куни Парижда жойлашган ташкилот сунъий йўлдош тармоғи орқали рус тилидаги сервисни ишга тушириш бўйича Eutelsat сунъий йўлдош оператори билан шартнома имзолаганини маълум қилди

Мақсад - пропагандага қарши туриш 

Мақсад «кўпроқ хилма-хил медиа-ландшафтни тарғиб қилиш», шунингдек, давлат ташвиқотига қарши туришдир, дейилади баёнотда. Таъкидланишича, бу русийзабон томошабинларга қувғиндаги Россия мустақил оммавий ахборот воситалари, шунингдек, халқаро оммавий ахборот воситаларининг «кенг кўламли янгиликларидан фойдаланиш имкониятини» беради. 

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти бош котиби Кристоф Делуар лойиҳани «ташвиқот мантиғини ўзгартиришга қаратилган улкан ташаббус» деб атади. Унинг сўзларига кўра, мустақил оммавий ахборот воситалари шу тариқа ахборот олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган аудиторияни қамраб олади ва «авторитар назорат остидаги контент» тарқалишига қарши кураша олади. 

Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан кейин Россияда мустақил оммавий ахборот воситалари ва журналистларни таъқиб этиш кучайди. Барча етакчи мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди ёки ёпилди. «Чегара билмас мухбирлар» матбуот эркинлиги рейтингида Россия 180 мамлакат ичида 164-ўринни эгаллади. 

Мавзуга оид