Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири мамлакатни дунёнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлари қаторига киритиш. Ҳар бир давлат учун ушбу жараённинг асосий омилларидан бири, албатта, жаҳон бозори учун сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришдир. Айнан шу йўналишда сўнгги йилларда қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, ЕИ бозорига қулай шартларда чиқиш Ўзбекистон учун ҳар доим долзарб бўлиб келган. 2021 йилда бу борада катта қадам ташланди. Яъни Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ умумий преференциялар тизими бўйича бенефициар мамлакат сифатида қабул қилинди.
GSP+ нима?
GSP+ дастури Европа Иттифоқи бозорларига ривожланаётган мамлакатлардан келаётган қишлоқ хўжалиги моллари ва бошқа айрим маҳсулотлар экспортига берилган имтиёзлардир. Дастурга тўлиқ аъзо бўлган давлат Европа Иттифоқи бозорларига 3000га яқин маҳсулотларни божхона тўловларисиз, 3200 турдаги маҳсулотларни эса пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.
GSP+ тизимига қўшилиш Ўзбекистонга катта имтиёзлар беради. Нега деганда, ушбу тизим доирасида божхона тўсиқлари, тарифлари ва бошқа тўловларни камайтириш назарда тутилади.
Европа бозори жуда катта. Бу ерда 500 млндан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шу боис Ўзбекистоннинг GSP+’га қўшилиши ўзбек компанияларининг бу бозорга кириб келишига ва ўз маҳсулотини сотишига имкон берди.
ЕИ дунёдаги энг катта бозорлардан бири ҳисобланади. Жумладан, Европанинг тўқимачилик саноатида бозор ҳажми 98 миллиард долларни, чарм-пойабзал саноатида 24 миллиард долларни, қишлоқ хўжалиги саноатида 24 миллиард долларни ташкил этади.
Икки баробар ўсиш
Агар 2016 йилда Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1,98 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич икки баробардан кўпроққа ўсди ва 4,5 миллиард долларни ташкил этди.
Шу билан бирга, GSP+ оддий савдо воситасидан кўра муҳимроқ. Тизимга қўшилаётганда мамлакатлар инсон ва меҳнат ҳуқуқларига, атроф-муҳит ва иқлим муҳофазаси ва сифатли бошқарувга оид 27 асосий халқаро конвенцияларини самарали амалга ошириш мажбуриятини олади.
Умумий ташқи савдонинг ўсиши
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2016 йилда Ўзбекистон томонидан амалга ошириладиган товар ва хизматлар экспорти ялпи ички маҳсулотнинг 15 фоизини ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 31 фоизга етган. 2017-2022 йилларда республиканинг жами экспорти 95 миллиард доллардан ортиқни ташкил этди, шундан 2022 йилда 19 миллиард доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилинди, бу 2016 йилга нисбатан 60 фоизга кўпдир.














