Одамлар осон пул топиш учун нималар қилишмайди: ўғрилик, фирибгарлик, товламачилик, талончилик ва босқинчилик. Шулар орасида энг кўп тарқалгани фирибгарлик ҳисобланади.

Ҳар йили Ер юзи бўйлаб миллионлаб инсонлар турли фирибгарликлар қурбони бўлади ва пулларидан, ер-мулкларидан айрилади.

Масалан, 2022 йилда Ер юзида биргина телефон орқали содир этилган фирибгарликлар туфайли одамлар 53 млрд доллар пулларидан айрилган.

Аксарият ҳолларда айримлар учун фирибгарлик нафақат пул топиш усули, балки ҳаёт тарзига айланади. Таниқли даллоллар ва саргузашт изловчилар маҳорат билан исм-шарифларини, касбларини ва таржимаи ҳолларини ўзгартиришади.

Агар фирибгар қанчалик маҳоратли ва иқтидорли бўлса, шунчалик катта таваккалга қўл уради ва машҳурроқ одамларни алдаб кетади. Катта компанияларни, ҳатто шаҳар аҳлини ҳам алдаб, чув тушириб кетиши мумкин.

Тарихда бундай ҳодисалар кўп бўлган. Машҳур фирибгарлардан бири Эйфел минорасини сотувга қўйган, бошқаси шахсан Бенито Муссолинини алдаган. Қуйида жуда шов-шув бўлган машҳур фирибгарликлар ҳақида сўз юритамиз.

Виктор Люстиг – Эйфел минорасини сотган фирибгар

Виктор Люстиг ўзининг биринчи фирибгарлигини 1910 йилда, 20 ёшида қилган. У харидорга ўзи ясаган сохта юз долларлик пулни чоп этишга мўлжалланган ихчам ускунани кўрсатиб, роса мақтайди.

Сўнг ундан 100 долларлик пулни чиқариб кўрсатади ва ускуна ҳар олти соатда битта банкнот чиқаришини айтади. Муваффақиятли намойишдан сўнг битим тузилади. Люстиг 30 минг доллар олади, мижоз эса мўъжизавий ускунани. Фирибгар қўлга тушиб қолмаслик учун дарҳол харидорнинг олдидан кетади.

Ускуна ҳеч қандай доллар чиқармас, у ҳатто қоғозга нақш ҳам туширмасди. Виктор чиқариб кўрсатган доллар ҳақиқий бўлиб, фирибгар уни ускуна ичига олдиндан жойлаб қўйганди.

Люстиг энг машҳур фирибгарлигини 1925 йилда, Парижда Эйфел минорасида навбатдаги таъмирлаш ишлари олиб борилаётганда амалга оширган.

Эйфелнинг атрофи ўраб қўйилганидан фойдаланган Люстиг минорага масъул бўлган почта ва телеграф вазирлигининг юқори мансабдор шахси номидан сохта ҳужжатлар тайёрлаб, бешта йирик темирфурушга таклифнома жўнатади.