2022 йилнинг бошидан ишга туширилган Uzbekistan GTL заводида бугунги келиб табиий газдан энг экологик тоза ёнилғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Завод ишлаб чиқараётган ёнилғидан сайёрамизнинг энг совуқ ўлкаларида ҳам бемалол фойдаланиш мумкин.

Шу сабабли дунёда атига бештадан биттаси бўлган бу завод маҳсулотлари секин-аста Европа ва Шимолий Америка давлатларини забт этмоқда.

Қашқадарёнинг Ғузор туманида жойлашган, президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган муҳташам завод ҳудудига ўтказилган пресс тур давомида бош директор Алишер Баҳодировнинг ўзи заводдаги ишлаб чиқариш жараёни ва келгусидаги режалар ҳақида гапириб берди.

Uzbekistan GTL бош директори Алишер Баҳодировнинг ҳикоя қилишича, айни пайтда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисмини GTL дизел ёнилғиси ташкил этмоқда. Шунингдек, ҳозирча мамлакатимиз эҳтиёжлари учун GTL авиакеросини, нафта ва бошқа маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Европага Қозоғистон, Россия ва Эстония йўналишида бошламасига темирйўл орқали маҳсулот экспорт қилиб кўрилган. Энди эса Ўрта йўлак — Туркманистон ундан Каспий денгизи орқали Озарбойжон ва Гуржистон орқали Қора денгиз бўйлаб Ғарб давлатларига ойига 30 минг тоннагача маҳсулот экспорт қилиш йўлга қўйилмоқда экан.

Қайд этиб ўтиш керак, Завод Шўртан газ конлари ҳудудида қазиб олинаётган газни чуқур қайта ишлаш мақсадида барпо этилган. Бу ердаги газ захиралари яна бемалол 25 йилга етиши ҳисоблаб чиқилган.

Заводнинг ёнгинасида жойлашган «Шўртан» газ-кимё мажмуасида газ фракцияларга ажратилгач, энг тоза метан Uzbekistan GTLга йўналтирилади. Бу ерда синтез қилиш йўли билан сунъий дизел, сунъий авиакеросин, нафта ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Завод ишлаб чиқарган маҳсулот олтингугурт ва бошқа қўшимчалардан тўлиқ тозалангани боис уларнинг ранги сувдек шаффоф бўлади ва ҳиди ҳам бўлмайди. Шу сабабали, жуда совуқ ҳароратларда ҳам қуйилиб, қотиб қолмайди.

Бизга ҳикоя қилиб беришларича, заводда ёзги, қишки ва арктик дизел ишлаб чиқарилмоқда. Ёзги дизел –5 даража фойдаланиш мумкин бўлса, қишки дизел –32 даражагача қотиб қолмайди, Арктик дизел эса –55 даража ҳароратга ҳам дош беради.