Оксана 49 ёшда. У урушнинг энг даҳшатли нуқтасига айланган Бахмутда яшаган. Камбағал болалар мактаб-интернатида рақсдан дарс берган. Бугун унинг уйи ҳам, жонажон шаҳри ҳам ер билан битта бўлган. Мактаби ёпилган. Қариндошлари вафот этган. Ўзи эса ҳозир кўмир кони ишчиси

Рус босқини бошланган 2022 йил февралида Оксана (кон раҳбарияти унинг фамилиясини ошкор қилмасликни сўради) Полшага қочиб ўтади. У ерда ресторанлардан бирида ошпаз, идиш ювувчи бўлиб ишлайди. Бироқ у ватани Украинани соғинарди. Орада дўстлари Тернивкадаги кон янги ишчилар қидираётганини айтиб қолади. Оксана ишга ёзилади. Унинг сўзларига кўра, янги ишида бошқаларига қараганда яхши маош тўлашади. Шунингдек, яхши нафақа ҳам таклиф қилишган. Бу иш унга барча хотираларига тўсиқ қўйишда ёрдам беряпти. «Ҳаммасини унутишни хоҳлайман», — дейди аёл. 

Уруш сон-саноқсиз украиналиклар ҳаёти билан бирга меҳнат бозорини ҳам тубдан ўзгартириб юборди. Россия ҳужум қилган бир кечанинг ўзида 4,8 миллионга яқин киши ишидан айрилди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йил баҳорида ишсизлик даражаси 30 фоиз бўлган, 2023 йил октябрида бу кўрсаткич анча камайган — 18,4 фоиз. Бироқ бу ҳам аслида урушгача бўлган ишсизлик даражасидан анча кўп ҳисобланади. Сўровномалардан бирига кўра, уруш бошлангандан бери украиналикларнинг 17 фоизи касбини ўзгартиришга мажбур бўлган. Юз минглаб киши армияга чақирилди. Америка расмийларининг қайд этишича, урушда камида 70 минг Украина аскари вафот этди. Яна 120 минг нафари эса турли даражада жароҳат олган. 

Бунинг оқибати ўлароқ эркаклар ишлаб келган кўплаб соҳаларда янги иш кучларига катта эҳтиёт сезилмоқда. 

Уруш ва оккупация шароитида сифатли маълумотларни йиғишни деярли имконсиз ҳолатга келтирди. Бироқ аёлларнинг Украинанинг депсиниб турган иқтисодиётига қилаётган таъсири фаоллашиб бораётганининг белгилари мавжуд. Мамлакат иқтисодиёт вазири Юлия Свириденкога кўра, Украинада жорий йилда рўйхатдан ўтган 36 минг компаниянинг (ўрта ва кичик) 51 фоизи аёллар томонидан бошқарилмоқда. 

Кўплаб хотин-қизлар саноат, қурилиш, тоғ-кон соҳаларида меҳнат фаолиятини бошлаяпти. Уларнинг сони кун сайин ортиб боряпти. «Биз қайта қуришни бошлаганимизда буни кенгроқ миқёсда кўрамиз», — дейди вазир.

Яқин йилларда Украина уруш фахрийлари, жумладан, минглаб ампутантлар, жароҳатланган аскарларга ғамхўрлик қилиш учун шифокорлар, психологлар армиясига муҳтож бўлади. Шубҳасиз, ушбу ғамхўрлик қилувчиларнинг аксарияти (агар ундан ҳам кўпи бўлмаса) эса аёллар бўлади.