Орадан ўтган 65 йил вақт давомида корхона техник ва технологик жиҳатдан янгиланиб борди, ўз замонасининг илғор тажрибаларидан фойдаланиб, уран ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
2022 йилнинг 1 январидан Республикамизда уранни қазиб олиш янги ташкил этилган “Навоийуран” давлат корхонаси зиммасига юклатилди. Ҳозирги кунда корхона барқарор ва жадал ривожланиб, ўз маҳсулотини Япония, Франция, Канада, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби давлатларга 100 фоиз экспортга йўналтираётган мамлакатимиздаги йирик саноат корхоналаридан бирига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоийуран” ДК жамоаларига байрам табригида “Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан бепоён Қизилқум бағридан қазиб олинаётган, дунё миқёсида юксак эътироф этилаётган олтин, табиий уран ва бошқа нодир қазилма бойликлар мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини таъминлашда беқиёс стратегик аҳамиятга эга экани барчамизга яхши маълум.
Шу маънода, 40 дан ортиқ миллатга мансуб қарийб 50 минг нафар юқори малакали ишчи, муҳандис ва мутахассислар меҳнат қилаётган мазкур комбинат ва 3 йил олдин унинг таркибидан ажралиб чиққан “Навоийуран” корхонаси миллий саноатимиз фахри, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз” деган гаплари ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлайди.

Бугунги кунда Президентимиз томонидан уран саноатига жуда катта эътибор қаратилиб, иккита муҳим тарихий қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда корхонанинг келажагини белгилайдиган янги ва муҳим вазифалар ўз ифодасини топди.
Навоий кон-металлургия комбинати ва “Навоийуран” давлат корхонасининг 65 йиллиги муносабати билан корхона бўлинмаларида ўтказилаётган байрам тадбирларининг аввали Учқудуқ туманидан бошланди. Боиси, ўзбек уран саноати тарихи бевосита ушбу ҳудуд билан боғлиқдир. “Учқудуқ” маданият саройига жам бўлган кончилар, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар ўтган кунлар ва бугунги ислоҳотлар борасида диллашди. Тадбирда сўз олганлар барчани байрам билан табриклаб, бугун Давлатимиз ва Ҳукуматимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор, унинг халқимиз ҳаётидаги ифодаси хусусида тўхталдилар. Ўз навбатида кончиларнинг меҳнатлари ҳам эътироф этилди.























