Мазкур жиноятни “ҳазм” қилиш элободликлар учун осон бўлмаган. Сабаби, қишлоқ одамлари яхши таниган, бировга ёрдами тегса теккан-у, ёмонлиги тегмаган йигит айни навқирон ёшида ваҳшийларча ўлдирилиб, атрофда ўз жонига қасд қилибди деган тасаввурни уйғотиш учун толга осиб кетилганди.
Тонгдаги мудҳиш хабар
2019 йилнинг 13 апрели. Айни ерга уруғ қадайдиган палла. Булунғур туманидаги “Ҳазрат бобо” фермер хўжалиги раиси ерни картошка экишга тайёрлаш ва бунинг учун ишчи қизларни уйидан далага олиб келиш мақсадида Damas машинасида йўлга чиқади. Йўл хўжалик далалари бўйлаб ўтганди.
Машина бошқариб бораётган раиснинг эътиборини йўлдан фермер хўжалик даласи томонга киритиб қўйилган бошқа бир Damas машинаси тортади. Бу пайтда ҳали қуёш чиқмаган, атрофга ғира-шира ёруғлик ина бошлаганди.
Раис ички бир хавотир билан нима гаплигини билиш мақсадида машина рулини ўша томонга буради. Бегона машина олдига бориб, атрофни кўздан кечиради. Кейин аста сал нарида қатор экилган толлар томонга ўтади. Шунда унинг нигоҳи толлардан бирида бўйнидан осилган ҳолда турган мурдага тушади. Раис яқинроқ бориб, бу қишлоқдоши Соҳибжон Каримов эканини танийди.
Нима қилишини билмай бироз довдираб қолган раис машинасига ўтириб, марҳумнинг уйига йўл олади. Эрта тонг эмасми, Соҳибжон Каримовнинг яқинлари ҳали уйқудан уйғонмаганди. Машинанинг кетма-кет сигналидан аввалига Соҳибжоннинг онаси, кейин укаси ва дадаси, турмуш ўртоғи уйдан чиқиб келади.
— Машинага ўтиринглар, сизларни бир жойга олиб бормасам бўлмайди, — дейди кўрганларини бирдан айтиб бериш ноқулай бўлган фермер хўжалик раиси.
Шу тариқа у Соҳибжоннинг яқинларини машинага миндириб, воқеа жойига олиб боради. Марҳумнинг она, дадаси ва турмуш ўртоғи далада турган Damas’ни таниб, ўша томонга юради. Укаси эса акажон деб бақирганча толлар томонга югуради.
Шубҳали ўлим
Бўйнидан толга осиғлиқ турган марҳумни ечиб олиб, уйга келтиришади. Воқеадан қўни-қўшнилар, қишлоқ аҳли хабар топади. Ҳамманинг тилида бир гап айлана бошлайди: “Соҳибжон ўз жонига қасд қилибди”.
Жаноза вақти белгиланади. Бу орада ИИБ ходимлари келади, суд тиббий экспертиза тайинланиб, марҳумнинг мурдаси олиб кетилади.
Ҳамма йигит ўз жонига қасд қилганини айтар, бироқ негадир ўлим шубҳали эди. Бу экспертизада ҳам ўз тасдиғини топади.
Жумладан, Булунғур туман суд-тиббий экспертиза бўлимида мурданинг чап ёноқ, бўйин, иккала курак усти, ўнг қўл иккинчи бармоқ, иккала тизза бўғими, иккала болдир соҳаларида кўплаб шилинмалар ва қонталашлар кўринишидаги жароҳатлар аниқланади. Мурданинг бўйин соҳасида аниқланган уч изли ҳаётий сиртмоқ излари жойлашуви ҳамда хусусиятларига кўра арқон ёрдамида камида уч маротабагача сиқиб бўғиб, бўшатиб, яна такроран бўғилганини кўрсатиб турарди.















