Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 17 ноябр куни Берлинга ташриф билан борди, бироқ немис расмийлари бу сафарга имкон қадар камроқ эътибор қаратмоқчи: оммавий чиқишлар ёки қўшма матбуот анжуманлари бўлмайди. Ҳатто икки давлат раҳбарларининг футбол бўйича Германия ва Туркия миллий жамоалари ўртасидаги ўйинга аввалдан режалаштирилган ташрифи ҳам бекор қилинган. Немис расмийлари Эрдўғаннинг Исроилга қарши позициясига шундай муносабатда бўлишди.

Эрдўған Туркия президентлигига қайта сайлангач, Германия канцлери Олаф Шолц шу йил май ойида уни Берлинга таклиф қилганди. Аммо ҳозир, кўпчилик сиёсий шарҳловчилар ёзганидек, бундан афсусда бўлса керак.

Баъзи немис сиёсатчилари Эрдўғаннинг ташрифини бутунлай бекор қилишга чақиришди, бироқ Шолц кескинликка бормасликка қарор қилди ва ташриф ёпиқ эшиклар ортидаги битта учрашув ва тушлик билан ўтказиладиган бўлди.

Шу билан бирга, Эрдўған Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан яна бир учрашув ўтказади.

BBC нашрининг Берлиндаги мухбири Дэмиан Макгиннеснинг ёзишича, пойтахт марказида мисли кўрилмаган даражадаги хавфсизлик чоралари қўлланган, бу АҚШ президенти ташрифи пайтидаги хавфсизлик даражасига тенг.

Германияда ҳокимият тепасида ким бўлишидан қатъи назар, икки давлат ўртасидаги муносабатлар узоқ йиллар давомида бир хил даражада мураккаблигича қолмоқда. Немис сиёсатчилари Эрдўғанни бир неча бор оғир шерик деб аташган.

Исроил ва Ҳамас ўртасидаги уруш эса Берлин билан Анқара ўртасидаги рахнани кучайтириб, икки томонни янада ажратган кўринади.

Барча мураккабликларга қарамай, Германия ва Туркия бир-бирига керак. Бу фотода — Шолц ва Эрдўған Анқарада 2022 йил мартида ўтказилган учрашув вақтида. Фото: REUTERS

Эрдўған Ҳамас ҳаракатининг 7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужумини қоралашни истамади ва ҳамасчиларни «халоскорлар» деб атади.

Ҳамас ғарбнинг бир қанча давлатларида, жумладан Германияда ҳам террорчи ташкилот деб тан олинган.

Шу билан бирга, сўнгги пайтларда Исроилга қарши баёнотлари оқимида Эрдўған Исроил давлати мавжудлиги қонунийлигини шубҳа остига олди ва уни фашистик деб атади.