Жаҳон | 16:24 / 18.11.2023
14143
2 дақиқада ўқилади

Россияда 90-йиллардаги энг таниқли ёлланма қотил Саша Солдат озодликка чиқди

Россияда «Ореховская» уюшган жиноий гуруҳ киллери, Саша Солдат лақабли Александр Пустовалов Твер вилояти Монино қишлоғидаги қаттиқ тартибли колониядан озод қилинди, деб хабар бермоқда РИА «Новости». 

Фото: Wikipedia

Агентлик маълумотларига кўра, у 18 ноябр куни озодликка чиқарилган.

Пустоваловнинг «яқин соатларда» озод этилиши мумкинлиги ҳақида 17 ноябр куни кечқурун «Вести. Дежурная часть» кўрсатуви хабар берган.

«Звезда» телеканали хабарига кўра, Пустовалов ОАВ эътиборини тортмаслик учун колонияни яширинча тарк этган. РEН телеканали Пустовалов озод этилишидан олдин Торжокдаги колонияга ўтказилгани ҳақида хабар берди, киллер айнан ўша ердан озод қилинган. 

«Московский комсомолец» маълумотига кўра, Пустовалов 16 ноябр куни колония ҳудудидан «яширин тарзда» олиб чиқиб кетилган.

Жиноят олами етакчилари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ўлдирган Александр Пустовалов 24 йил қамоқда ўтирди. У 1999 йилда 30 дан ортиқ одамни ўлдирганликда айбланиб қўлга олинган. 

«Коммерсант» ёзишича, Пустовалов тергов билан келишувга эришган ва унинг қамоқ муддатига таъсир қилган бошқа жиноий ишларни очишга ёрдам берган.

Октябр ойида Твер вилоятининг Нелидовский туманлараро суди Пустовалов устидан маъмурий назорат ўрнатишни сўраган 9-сонли ахлоқ тузатиш колонияси маъмурий даъвосини қаноатлантирди. У озод қилинганидан кейин уч йил давомида полицияда рўйхатдан ўтиши керак, шунингдек, Москвадан чиқиб кетиши ва тунда кўчага чиқиши тақиқланган.

Россия Федерал жазони ижро этиш хизматининг Твер вилояти бўйича бошқармаси бу ҳақда изоҳ бермади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид