Ўзбекистон | 18:00 / 19.11.2023
59608
3 дақиқада ўқилади

“Менга бўлмаган, ҳеч кимга бўлмайди”: Фарғонада ака марҳум укасининг беваси ва етимларига тегишли уйни бузиб ташлади

Касби шифокор, топиш-тутиши яхши бўлган ака ўз укаси билан уй масаласида низолашиб келган. Уканинг вафотидан сўнг эса унинг аёли ва фарзандлари кириб яшамаслиги учун уй ака томонидан “булдозер” ёрдамида бузиб ташланди.

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Янги Марғилон шаҳарчасидаги хонадонлардан бирининг бузиб ташлангани, бунинг ортидан бошпанасиз қолган болаларнинг фарёди акс этган лавҳалар кенг тарқалди.

Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, ҳолат билан танишди.

Маълум бўлишича, уй аслида марҳум Фарҳоджон Холматовга тегишли бўлган. Аммо у ичкиликка берилиб, мажбурий даволанишга юборилган вақтда акаси Баҳодир Холматов мулкни ўз номига расмийлаштириб олган. Фарҳоджон Холматовнинг вафотидан сўнг эса унинг беваси ва 5 нафар фарзандлари кириб яшаши учун суд қарори ижрога қаратилаётган бир пайтда Баҳодир Холматов уйни махсус техника ёрдамида бузиб ташлаган.

Марҳум Фарҳоджон Холматов оиласи билан

“Турмуш ўртоғим билан 1995 йилда оила қурганмиз, 5 нафар фарзандим бор. 1999 йилда ҳовли сотиб олиб, 2001 йилда чала битган бўлса ҳам кўчиб ўтганмиз. 2007 йилда уйимизни битириб, қайнонам номига кадастрдан ўтказдик. 2019 йилда қайнонам уйни турмуш ўртоғим номига ўтказиб берди.

Эрим ичкиликка берилиб, сурункали алкоголизм касаллигига йўлиқди. Бир неча бор даволатдик, аммо фойдаси бўлмади. Фарзандларимга, менга тажовуз қиладиган одат чиқарди. Шундан сўнг болаларим билан уйдан чиқиб кетиб, қайтиб бормадим.

Касалхонага кўргани борганимизда уй калитини бериб, уйга қаранглар, қайтиб боринглар, деган эди. Биз борсак, уй қулфи ўзгартирилган экан. Эримнинг аҳволидан фойдаланиб, акаси уйни ўз номига ўтказиб олибди. Адвокатларга мурожаат қилгандик, фуқаролик судига беришни айтишди. 3 марта суд бўлиб, учаласида ҳам бизнинг фойдамизга ҳал бўлди.

2023 йил апрел ойида эрим акасидан уйини қайтариб беришини сўраган, лекин у қайтариб беришдан бош тортган. 8 май куни ўз жонига қасд қилди.

Эрим вафотидан сўнг ҳам судга мурожаат қилдик. Суд яна бизнинг фойдамизга ҳал бўлди. Лекин эримнинг акаси уйни қасддан бузиб ташлади”, дейди 5 фарзанди билан кўчада қолган Муқаддам Холматова.

Оилани яқиндан таниган, билганларнинг айтишича “уйбузар” амакининг уй-жойга муҳтожлиги бўлмаган.

Мажбурий ижро бюросининг Кun,uzʼга маълум қилишича аёл ва унинг фарзандларини хонадонга мажбурий киритиш бўйича ижро ҳужжати бўлган. Ижро ҳаракатлари 12 ноябр кунига белгиланган бўлган. Аммо буни истамаган қайноға уй-жойларни бузиб ташлаган.

Тақдир бешафқат деганлари шу бўлса керак: 5 фарзанди билан кўчада қоларкан, бева аёлнинг кўнглидан нималар ўтаётгани фақат унинг ўзига аён.

Сарвар Зиёев, Kun.uz

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид