«Бунёдкор» стадионида аншлаг бўлиши кутилмоқда

ЖЧ-2026 ва Осиё кубоги-2027 иккинчи саралаш босқичи 2-тури доирасида Сречко Катанец бош мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий жамоасининг гуруҳ пешқадами бўлиб турган Эронга қарши ўйинига қизиқиш жуда катта.

«Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтадиган ўйин учун чиқарилган чипталар деярли сотиб бўлинган. Ўзбекистон – Эрон ўйини чипталари онлайн савдоси Iticket.uz сайти платформаси орқали йўлга қўйилган бўлиб, сўнгги ҳафта давомида 100, 50, 30, 25 ва 20 минг сўм нархларда сотувга чиқарилган эди. 20 ноябр кечки вақтга сотувда қолган чипталар сони қарийб 300тани ташкил этаётганини кўриш мумкин эди, бугун чипталар деярли сотиб бўлингани хабар қилинган. Шундай экан, 34 минг томошабин сиғимига эга стадион бугунги ўйинда мухлислар билан тўлиб, аншлаг бўлишини кутиш мумкин.

Вакилларимиз ўтган ҳафтада Туркманистонда камбэкли ғалаба билан қайтишди ва ўйин олдидан Сречко Катанец Эронни қандай мағлуб этиш мумкинлигини билишини айтди. Бу ҳам жамоанинг ўзига бўлган ишончини ва мухлисларнинг ғалабага бўлган умидини оширади.

Ўзаро ўйинлар

Ўзбекистон миллий жамоаси бугунги кунга қадар Эронга қарши жами 12та ўйин ўтказиб, форсларни Тошкентда мағлуб эта олмаган. 12 ўйиндан 10тасида Эрон ғолиб бўлган, 1 ўйинда дуранг ва яна бир баҳсда Улуғбек Бақоевнинг Теҳрондаги ягона голи Ўзбекистон миллий жамоасига бу рақиб устидан қозонилган ягона ғалабани келтирган. Тўплар нисбати 3:16 – форслар фойдасига.

Вакилларимиз Эронга қарши сўнгги ўйинни июн ойида Тошкентда ўтказиб, CAFA Cup-2023 финалида Сардор Озмуннинг ягона голи меҳмон жамоага янги турнирнинг илк совринини келтирган эди. Вакилларимиз бугунги баҳсда Тошкентдаги нохуш анъанага чек қўйиб, тарихни янгилашга уринишади.

Ўзбекистон – Эрон. Ўзаро ўйинлар:

20.06.2023. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

08.10.2020. Ўзбекистон – Эрон – 1:2

11.09.2018. Ўзбекистон – Эрон – 0:1

19.05.2018. Эрон – Ўзбекистон – 1:0