Жаҳон | 12:45 / 23.11.2023
5477
3 дақиқада ўқилади

Финландия Россия билан чегарада фақат битта назорат пунктини қолдиради

Финландия ва Россия ўртасидаги 1340 километрлик чегарада фақат ўтиш мумкин бўлмаган «Райа-Йоосеппи» ўтиш жойи очиқ қолади, деди Финландия бош вазири. Дастлаб, қарор 23 декабрга қадар амал қилади.

Фото: Miska Puumala/Lehtikuva/dpa/picture alliance

Финландия ва Россия ўртасидаги чегарада муҳожирлар оқими билан боғлиқ инқироз кучайиб бораётган бир пайтда, Ҳелсинки ҳукумати чегаранинг 1340 километрлик қисмидаги барча ўтиш пунктларини ёпишга қарор қилди, улардан бири - энг қийинига тегилмайди. Финландия бош вазири Петтери Орпо 22 ноябр, чоршанба куни фақат мамлакат шимоли-шарқидаги «Райа-Йоосеппи» ўтиш жойи очиқ қолишини билдирди. У шимолда жуда узоқда жойлашганки, «у ерга бориш учун кўп ҳаракат қилиш керак», деди Орпо. 

Бир кунда тўрт соат очиқ бўладиган ушбу назорат пунктида бошпана изловчилар халқаро ҳимояга мурожаат қилиши мумкин, дея таъкидлайди у. Ҳозирда очиқ қолган учта чегара пункти 24 ноябр куни ярим тундан бошлаб ёпилади, чора 23 декабргача амал қилади. Орпонинг сўзларига кўра, шарқий чегарадаги вазият ёмонлашаётганининг аломатлари кучаймоқда. 

Финландия ва Россия чегарасидаги инқироз 

Финландия расмийлари Россия билан чегарани ёпиш қарорини учинчи давлатлардан Россия ҳудуди орқали келаётган ноқонуний муҳожирлар оқимининг кескин ошгани билан оқламоқда. Сўнгги кунларда Ироқ, Сурия, Яман ва бошқа Яқин Шарқ давлатларининг юзлаб фуқаролари Финландияга бориш учун Россия чегарасини кесиб ўтди. Август ойидан бери бошпана учун ариза берувчилар сони ортиб бормоқда, бироқ уларнинг аксариятида Финландияга кириш учун керакли ҳужжатлар йўқ. 

Ҳелсинки Россия томонини оқимни уюштирганликда айблаб, бу 2015 йилда ҳам содир бўлганига ишора қилди. Финляндия чегара қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари Маркку Ҳассиненнинг айтишича, расмийлар буни «аниқ ташкил этилган» деб ҳисоблайди, чунки «у ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин эмас». «Бу миллий хавфсизликка жиддий таҳдид бўлиб, шарқий чегара ҳудудидаги ҳукуматлар фаолиятига оғир юк бўлиб тушмоқда», деди Ҳассинен. ОАВ хабарига кўра, чегарани кесиб ўтганлар Россияни тарк этишдан бош тортган, бироқ чегарачилар уларни «Россия чегара постидан Финландия томон итариб юборган»

Ўтган ҳафтада биринчи бешта чегара ўтиш пункти ишлашдан тўхтади: тўққизтадан тўрттаси («Иматра», «Ниирала», «Нуйямаа» ва «Ваалимаа») - 18 ноябрга ўтар кечаси, бешинчи назорат пункти - «Вартиус» - 19 ноябрдан. Бундан олдин Финландия ҳукумати «Вартиус»даги чегарачиларга ёрдам бериш учун қуролли кучларни юборган.  

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид