12:43 / 23.11.2023
3513

Ғазода гаровга олинганлар 24 ноябрдан кейин озод қилина бошлайди

Гаровдагиларни озод қилиш аввалроқ тўрт кунлик сулҳ бўйича келишиб олган Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувга мувофиқ амалга оширилади, деди Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Цахи Ханегби.

Фото: Oded Balilty/AP/picture alliance

ҲАМАС ҳаракати томонидан Ғазо секторида гаровга олинганлар 24 ноябр, жумагача озод этилмайди. Бу ҳақда 22 ноябр, чоршанба куни кечқурун Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Цахи Ханегби маълум қилди. Haaretz газетаси ва N12телеканали Ханегбининг сўзларидан иқтибос келтирган: «Гаровга олинганларни озод қилиш бўйича мунозаралар олдинга силжимоқда». Озод этиш «ҳар икки томоннинг дастлабки келишувига мувофиқ» амалга оширилади, дея қўшимча қилди Исроил расмийси. 

Аввалги кеча Исроил ҳукумати ва ҲАМАС жангчилари тўрт кунлик сулҳ ҳақида келишиб олди. Келишув Ғазо секторида гаровга олинган 50 нафар исроиллик ва Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 150 нафар фаластинлик маҳбусни 4 кун ичида озод қилишни кўзда тутади. Баъзи Исроил ОАВ сулҳ 23 ноябрдан кучга кириши, гаровга олинганларнинг биринчи гуруҳи ўша куни озод қилиниши ҳақида хабар берди. 

Келишув, хусусан, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқот қилган АҚШ президенти Жозеф Байден томонидан олқишланди. Оқ уйнинг таъкидлашича, ўт очишни тўхтатиш Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами оқимини кўпайтириш имконини беради. Ўз навбатида, Исроил вазирлар маҳкамаси раҳбари Вашингтонга келишувни тузишда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 14 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

 

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top