Россия суди Мелитополдаги портлашда украиналикни айблаб, уни 18 йилга ҳукм қилди
Украина фуқароси Россия томонидан босиб олинган Мелитополдаги портлашлар учун «халқаро терроризм»да айбланди.
Ростов-Дондаги ҳарбий суд Украина фуқароси Дмитрий Голубевни «халқаро террорчилик актини содир этишда» айбдор деб топиб, 18 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди, деб ёзади «Коммерсант» газетаси 23 ноябр, пайшанба куни.
Россиялик терговчиларнинг фикрича, Голубев Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР»)га ёлланган, у ерда бомба ясашни ўрганган ва учта портлашни ташкил қилиш вазифасини олган.
Россия «ФСБ» маълумотларига кўра, Голубев Мелитополдаги йўл полициясининг туманлараро рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлими биносида портлаш уюштирган ва яна иккита портлашни режалаштирган – йўлда ва Запорижжя вилоятидаги оккупацион маъмурият яқинида. Суд уни террорчилик фаолиятини амалга ошириш (Россия Жиноят кодексининг 205.3-моддаси), халқаро террорчилик актини содир этиш ва яна иккитасини тайёрлаш мақсадида тайёргарликдан ўтишда айбдор деб топди.
«Мен украиналикман, Украинани ҳимоя қилдим»
Голубев ишнинг фактик ҳолатларини тан олди ва тергов билан ҳамкорлик қилди, деб ёзади «Коммерсант». Бироқ судда у ўзига қўйилган айбловларнинг малакасига рози бўлмади. «Мен украиналикман, Украинани ҳимоя қилганман. Менда бундай (террорчилик) йўналиш бўлмаган, одамларнинг ўлиши мақсади йўқ эди», - деди Голубев суд жараёнида.
Мелитопол 2022 йил март ойининг бошида Россия қўшинлари томонидан босиб олинган. Ўтган сентябр ойида Россия президенти Владимир Путин РФ қўшинлари тўлиқ назорат қилмаган «Запорижжя вилоятини қўшиб олиш» тўғрисидаги фармонни имзолади. Украина ҳудудларининг эгаллаб олиниши халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмайди.