Жаҳон | 11:54 / 24.11.2023
7169
2 дақиқада ўқилади

Россиялик журналист Борис Мақсудов Украинада ҳалок бўлди

«Россия 24» телеканали мухбири босиб олинган Запорижжядан   репортаж тайёрлаётганда жиддий жароҳат олди.

Фото: РИА Новости

«Россия 24» телеканалининг ҳарбий мухбири Борис Мақсудов Запорижжянинг босиб олинган қисмидаги Мирний қишлоғи яқинида яраланиб вафот этди, деб хабар бермоқда рус тилидаги ОАВ ва Telegram-каналлар 23 ноябр, пайшанба куни.

Қайд этилишича, Мақсудов 22 ноябр куни 503-мотоўқчилар полкида репортаж олиб бораётган вақтда дрондан портловчи мослама тушиши оқибатида жароҳатланган. Baza Telegram-канали хабарига кўра, мухбир кўплаб жароҳатлар олган ва оёқ-қўллари синган, бармоқлари узилиб кетган. У ҳужумдан кейинги кун вафот этди.

22 ноябр куни Россия Мудофаа вазирлиги Борис Мақсудовнинг яралангани ҳақида хабар бериб, у «зудлик билан тиббий муассасага эвакуация қилингани» ва «ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқлигини» билдирган. Россия вазирлиги воқеа учун айбни украиналик ҳарбийларга юклади, унга кўра, улар «Украина Қуролли кучларининг Запорижжя вилояти ҳудудларида аҳоли пунктларини ўққа тутиши ҳақида материал тайёрлаётган бир гуруҳ россиялик журналистларга учувчисиз учиш аппарати билан зарба берди».

Украина томони воқеа юзасидан изоҳ бермади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид