Bild: АҚШ ва Германия Киевни Россия билан музокаралар бошлашга мажбурламоқчи
АҚШ ва Германия Зеленскийни Россия билан музокаралар бошлашга мажбурламоқчи, улар фақат фронтни ушлаб туриш учун қурол етказиб бермоқчи, деб ёзади Bild ягона манбага таяниб.
АҚШ ва Германия расмийлари Украина президенти Володимир Зеленскийни Россия билан музокаралар бошлашга мажбурламоқчи, деб ёзади ҳарбий кузатувчи Юлиан Рёпке 24 ноябр, жума куни Bild нашридаги мақоласида Германия ҳукумати доираларидаги ягона манбага таяниб.
Украинага энг йирик ҳарбий ёрдам донорлари бўлган АҚШ ва Германиянинг режасига кўра, Киев «суверенитет ва ҳудудий яхлитлик»ни Кремл билан муҳокама қилиш учун жараёнга «стратегик жиҳатдан фойдали музокаралар позициясида» ёндашиши керак, деб даъво қилмоқда Bild.
Берлин ва Вашингтон Зеленскийни музокаралар зарурлигига тўғридан тўғри ишонтириш ниятида эмас, балки қурол-яроғ етказиб беришни босим воситаси сифатида Украина президентини бунга рози бўлишга мажбурлашни режалаштирмоқда, дея таъкидлайди Bild. Нашрнинг ёзишича, иттифоқчилар Киевга Украина армиясига ҳозирги фронтни ушлаб туриш, аммо Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларни озод этишда ёрдам бермайдиган миқдорда қурол етказиб бериш ниятида.
АҚШ ва Германиянинг «махфий режаси»
«Зеленский буни давом эттириш мумкин эмаслигини тушуниши керак. Ташқаридан ҳеч қандай сўровсиз. У ўз ихтиёри билан халқига мурожаат қилиши ва музокаралар олиб борилиши кераклигини тушунтириши керак», - дея тушунтирди Германия ҳукуматидаги Bild манбаси ёндашувни.
Нашр суҳбатдошига кўра, Германия мудофаа вазири Борис Писториус бундай тактикага қарши ва қурол-яроғ етказиб беришни қўллаб-қувватлайди, бироқ унинг «қўллари боғланган». Нашрнинг таъкидлашича, Христиан демократик иттифоқ (ХДИ)нинг мудофаа бўйича эксперти Родерих Кизеветтер ҳам худди шундай фикрда. «Федерал канцлер идораси Украина ғалабасига ишонмаслиги ва буни умуман истамаслиги тобора ойдин бўлиб бормоқда. Писториус Украинага олиб келган қуроллар пакети «Украина ғалаба қозониши керак» деган мақсаднинг ифодаси эмас. Бу «Украинани музокараларга ундашаётгани учун» жуда кам қўллаб-қувватланаётганини англатади», деди у Bild нашрига.
Украина учун «Б режаси»
Bild манбасига кўра, Германия ва Қўшма Штатларнинг «Б режаси» ҳам мавжуд бўлиб, у ҳозирги чегараларда можарони музлатишдан иборат. «Берлин ва Вашингтон музокараларга муқобил сифатида интилаётган нарса - бу низолашаётган томонлар ўртасида келишувсиз музлатиладиган можаро», - дейди манба.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳолатда алоқа чизиғи «мустаҳкамланади ҳамда Украина ва Россия ўртасидаги янги квазичегарага айланади». «Бу «Минск» каби, фақат Минсксиз», - деди манба 2014 йилда Минскда бўлиб ўтган Россия-Украина тинчлик музокараларини назарда тутиб.
Германия ҳукумати: Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлаймиз
Германия ҳукумати вакили Bild нашрига берган изоҳида «Германия Украина томонида қатъий эканини» айтди. «Федерал ҳукуматда аниқ позиция бор: Украина Россияга қарши мудофаа курашида ҳарбий ва сиёсий мақсадларни белгилаши керак. Биз Украинани Россиядан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган вақтгача қўллаб-қувватлаймиз», - деб жавоб берди ҳукумат вакиллари Bild нашрига.
«Гап суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш, демак, Украинанинг омон қолиши ҳақида бормоқда. Биз халқаро ҳамкорларимиз билан доимий ва яқин алоқадамиз», - дея қўшимча қилди вазирлар маҳкамаси вакили.
Ноябр ойи бошида АҚШнинг NBC телеканали икки юқори мартабали мулозимга таяниб, АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари Украина ҳукумати билан урушни тугатадиган эҳтимолий тинчлик музокараларини ўз ичига олиши мумкин бўлган нарсаларни муҳокама қила бошлагани ҳақида хабар берди.
Мавзуга оид
16:52
Россиянинг Сахалин областида мигрантларга 24 та соҳада ишлаш тақиқланди
10:11
Германия Украинада ҳалок бўлган 10 фуқароси ҳақида маълумотга эга
09:31
Европа Байдендан кетишидан олдин Украинага ёрдамни оширишни сўрамоқда
08:10