1955 йилдан бошлаб фазони тадқиқ этиш бошланади ва илк сунъий йўлдошлар учирилади. Кейинчалик синовлар ҳайвонлар билан ўтказилади. Сўнг 1961 йилдан бошлаб фазога одам учирилади.

Ўша пайтларда фазони ўзлаштиришда асосан АҚШ ва СССР рақобат олиб борарди. Шу сабабли парвозлар билан боғлиқ ҳалокатлар ҳар икки давлатда ҳам содир бўлган.

1960 йилда Гагарин парвозидан аввал Бойқўнғир космодромида қитъалараро ракетанинг синови пайтида ҳалокат содир бўлади. Оқибатда 100 дан ошиқ одам ҳалок бўлади.

Америкаликлар учун энг аламли ҳалокат Арканзас штатидаги ракеталарни сақлаш шахтасида содир бўлади ва унда 50 дан ошиқ одам ҳалок бўлади.

Қуйида энг кўп одам ўлимига сабаб бўлган космик ҳалокатлар ҳақида маълумот берамиз.

«Челленжер STS-51-L» шаттли, АҚШ.

1986 йилда NASA’га тегишли «Челленжер STS-51-L» шаттли парвоздан сўнг кўп ўтмасдан портлаб кетади. Оқибатда, унинг бортида бўлган 7 киши ҳалок бўлади.

1970-йилларнинг иккинчи ярмида америкаликлар илк марта кўп марта фойдаланса бўладиган космик кема ясаб чиқишади. У муваффақиятли парвоз қила бошлагач, 1980-йилларнинг бошларида яна бир нечта шундай турдаги космик кема тайёрланади. «Челленжер» шаттли шулардан бири эди.

Ушбу космик кема 1983 йилда илк марта парвоз қилган бўлса, кейинчалик уни тез-тез учира бошлашади.

1986 йилда NASА «Космосдаги ўқитувчи» лойиҳасини ўтказишга қарор қилади. Бунда космосга астронавтлар билан бирга мактаб ўқитувчиси ҳам чиқиши ва космик кема ичида туриб дарс ўтиши лозим эди.

«Челленжер STS-51-L»нинг парвози АҚШда жуда кўп реклама қилинади. Телеканаллар космик кема парвозини тўғридан тўғри эфирга узатишни режа қилишади.

1986 йил 28 январ куни тонг пайтида Флорида штатида жойлашган Канаверал бурнида жойлашган космодромдан космик кема учирилади. Бироқ орадан 73 сониядан кейин «Челленжер STS-51-L» ҳавода портлаб кетади.

Астронавтлар ва ўқитувчи космик кема портлаган пайтда тирик қолишади. Бироқ улар ўтирган махсус кабина соатига 330 километр тезликда сувга келиб урилгач, астронавтлар ҳалок бўлишади. Ҳодисани бутун мамлакат томоша қилиб турарди.