Жаҳон | 12:02 / 27.11.2023
6067
3 дақиқада ўқилади

ҲАМАС тўрт қўмондони ҳалок бўлганини маълум қилди

ҲАМАС ҳарбий қаноти баёнотига кўра, ҳалок бўлганлар орасида шимолий Ғазо бригадаси қўмондони Аҳмад Ғандур ва яна уч юқори мартабали ҳарбий амалдор бор.

Фото: Picture Alliance

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ҳарбий қаноти «Ал-Қассам бригадалари» Ғазо секторидаги жангларда тўрт қўмондони ҳалок бўлганини тасдиқлади

Telegram-каналида 26 ноябр, якшанба куни эълон қилинган баёнотга кўра, ҳалок бўлганлар орасида Ғазо шимолидаги бригада қўмондони Абу Анас лақабли Аҳмад Ғандур, шунингдек, Ваил Ражаб, Раафат Салмон ва ҲАМАС ракета учириш гуруҳига раҳбарлик қилаётган Айман Сиам ҳам бор. Баёнотда ҳарбий қўмондонларнинг аниқ қачон ва қандай шароитда ҳалок бўлгани айтилмаган. 

Аввалроқ Исроил мудофаа кучлари Ғандур ва Сиамга зарбалар бергани ҳақида хабар қилган, бироқ уларнинг ўлимини тасдиқламаганди, деб ёзади The Times of Israel газетаси. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 15 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Ғазода тўрт кунлик сулҳ

24 ноябрдан бери Ғазо секторида Қатар воситачилигида Исроил ва ҲАМАС томонидан тўрт кунлик муддатга келишилган вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш режими амал қилмоқда. 

Келишув шартларига кўра, бу вақт ичида ҲАМАС жангчилари 7 октябр куни гаровга олинганлар орасидан 50 нафар аёл ва болани Исроилга топшириши керак. Исроил 150 нафар фаластинлик маҳбусларни – аёллар ва ўсмирларни қамоқхоналардан озод қилиши керак. 

Ўт очишни тўхтатишнинг дастлабки икки кунида, 24 ва 25 ноябр кунлари ҲАМАС жами 26 нафар исроиллик, шунингдек, 14 таиландлик ва бир филиппинликни озод қилди. Ўз навбатида, Исроил 78 нафар фаластинлик маҳбусни қўйиб юборди.

26 ноябр куни яна гаровга олинганлар ва маҳбуслар алмашинуви кутилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ҲАМАС вакиллари Исроилга 13 нафар исроиллик ва етти нафар хорижлик рўйхатини топширган. 

Мавзуга оид