Жаҳон | 13:20 / 29.11.2023
3060
3 дақиқада ўқилади

Навалний - Politico’нинг Европадаги энг нуфузли шахслар рўйхатида

«Уни тўхтатиш бўйича барча саъй-ҳаракатларга қарамай, Россиянинг деярли ягона мухолифат етакчисининг рамзий кучи ўсишда давом этмоқда», деб ёзади Politico.

Фото: Getty Images

Қамоқдаги россиялик мухолифатчи Алексей Навалний Politico онлайн-нашри талқинига кўра Европанинг энг нуфузли шахслари рўйхатига киритилди. Нашр томонидан 28 ноябр, сешанба оқшомида эълон қилинган рейтингда Навалний «орзу қилувчилар» номинациясида иккинчи ўринни эгаллади. «47 ёшли адвокат ва коррупцияга қарши фаолга таҳдид қилиш, заҳарлаш ва яккалатиб қўйиш бўйича уринишларга қарамай, аниқроғи, улар туфайли Навалний ўзгача фикрлаш ғояси, норозиликни илҳомлантиришда ва қўзғашда давом этмоқда», - дея тушунтирди журналистлар ўз танловини

Баъзилар Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (ФБК) асосчисини «Россия Нелсон Манделаси» деб атайди, деб эслатади нашр. «Аслида, Навалний - мухолифатнинг ягона етакчиси», - дея таъкидлайди журналистлар. Уларнинг фикрича, Навалний тарафдорлари бугун яширинишга мажбур бўлганига қарамай, умидларини йўқотгани йўқ. 

Ҳозирда чет элдан чоп этилаётган ФБК суриштирувларини ҳали ҳам миллионлаб одамлар кузатиб боряпти, деб эслатади Politico. Шу билан бирга, «Навалнийнинг ўзи - борган сари озғин, қўрқинчли ва заиф ҳолатда - судларда кучли монологлар билан чиқиб, ҳокимиятга тикан вазифасини бажаришда давом этмоқда». 

Навалнийнинг сиёсий келажаги ҳақида 

«У 2018 йилги сайлов олдидан қарши ташвиқотни олиб борган, аммо 2024 йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган сайловларда қарши чиқа олмаслиги мумкин, аммо Навалнийнинг ҳақиқий кучи – соғлиғи заифлашгани сари унинг рамзий кучи ўсишда давом этмоқда», — дейилади мақолада.

Politico нашрининг Европадаги энг нуфузли шахслар рейтингига, нашрга кўра, келаси йил Европа сиёсатини белгилаб берадиганлар киритилган. Бу сафар Полша собиқ бош вазири Доналд Туск Европадаги энг нуфузли шахс деб топилди. Politico Украина президенти Володимир Зеленскийни «Орзуга берилган 1-рақамли шахс» деб тан олди.

Россияда Навалнийнинг жиноий таъқиб қилиниши

Навалний 2021 йил февралида «Ив Роше» иши бўйича фирибгарликда айбдор деб топилгач, Россия расмийлари томонидан колонияга жўнатилган эди. Ўшанда сиёсатчига 2 йил-у 8 ой қамоқ жазоси берилди. 2022 йил март ойида Навалний яна фирибгарликда, кейин эса судяни ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, 9 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинган эди. 

2023 йил августида Алексей Навалний Москва шаҳар суди томонидан «экстремистик ҳамжамият»ни ташкил этганликда айбланиб, махсус режимли колонияда 19 йилга озодликдан маҳрум этилди. Расмийларга кўра, сиёсатчи асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси шундай ҳамжамият бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид