Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган шаҳри бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Хабар қилинишича, тадбир давомида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиали Янги Наманган тумани бўлими бошлиғи Ф.А. ва устаси А.А. тезкор ходимлар томонидан ушланди.

Улар ўзаро тил бириктириб фуқаро Б.К.нинг нотурар биносидаги электр ҳисоблагичи гўёки носоз эканлиги, далолатнома расмийлаштирса 300 млн сўм жарима ёзилишини айтишган.

Сўнг агар 4 000 АҚШ доллари берса далолатнома расмийлаштирмасликларини айтиб, шундан 2 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.