Иқтисодиёт | 18:56 / 30.11.2023
20173
2 дақиқада ўқилади

МТРК олган 22,5 млн евро кредит давлат бюджетидан қопланади

Миллий телерадиокомпанияга замонавий ускуналар сотиб олиш учун 10 йиллик муддатга 22,5 миллион евро кредит ажратилган. Шартнома шартларида қарз МТРК ва давлат томонидан тенг улушларда —11,25 млн евродан тўланиши керак бўлган. Президент қарори билан кредит муддати 10 йилдан 13 йилгача узайтирилиб, давлат бюджетининг қарзни қайтаришдаги улуши 21,1 млн еврогача оширилди. 

Фото: mtrk.uz

“Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори имзоланди.

2016-2017 йилларда телерадиокомпанияни рақамли эшиттириш форматига ўтиш учун замонавий мултимедиа ускуналари билан жиҳозлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан нол фоизли ставкада, 2 йиллик имтиёзли давр билан 22,5 миллион евро кредит ажратилган.

Gazeta.uz’нинг ҳужжатга таяниб ёзишича, дастлаб 22,5 млн евро миқдоридаги кредит МТРК ва давлат томонидан тенг улушларда — ҳар бири 11,25 млн евродан тўланиши режалаштирилганди. Аммо бу йиллар давомида корхона кредит учун умуман пул тўламаган ва ҳар олти ойда бюджетдан 661,76 минг доллар ажратилган. Энди бюджет маблағлари ҳажми йилнинг биринчи ярмида 1,03 млн еврогача ошади, МТРК эса 2024 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб 200 минг евро, кейин эса 100 минг доллардан тўлайди — 2030 йил охиригача жами 1,4 миллион евро. Шу тариқа, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ссуда учун давлат бюджетидан 21,1 миллион евро (қарзнинг 93,7 фоизи) ажратилади, бу режадагидан қарийб 10 миллион еврога кўп.

Маълумот учун, 2024 йилда МТРКга давлат бюджетидан 560 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган. Бу миқдор 2023 йил учун 556 млрд сўмни, 2022 йил учун 463 млрд сўмни, 2021 йил учун 427 млрд сўмни, 2020 йил учун эса 399 миллиард сўмни ташкил қилган. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид